“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 18 февралдаги ПҚ-2302-сонли Қарори билан тасдиқланган “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросини таминлаш мақсадида, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини (кўп болали ва кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва ҳ.к.ларни) “Меҳрибонлик” уйлари, махсус мактаб-интернатлари тарбияланувчилари, ногирон болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар бўйича хайрия ва маданий-маърифий йўналишларда бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.
Бу борада ёш авлодни маданий меросимизни асраб-авайлашга ўргатиш, тарихий қадамжоларга саёҳатни ташкил этиш, диққатга сазовор жойлар билан таништириш мақсадида, фонд ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан бир қатор тадбирлар ўтказилиб унда болалар ва қизлар жалб этилди.
Ушбу хайрли ишларни давом эттириш мақсадида, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирликлари билан ҳамкорликда жорий йилнинг 5 сентябрь куни Тошкент вилояти “Меҳрибонлик” уйи ва Гулистон болалар шаҳарчасининг жами 50 нафар тарбияланувчилари учун тарихий Самарқанд шаҳрига бир кунлик (бепул) саёҳат ташкиллаштирилди. Саёҳат давомида болажонлар Регистон майдони, Самарқанд тарихи музейи, Гўри Амир мақбараси билан танишадилар.
Ушбу тадбир болажонларнинг мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги арафасида ташкил этилганлиги, болажонларнинг Ватанга бўлган муҳаббат ва миллий ғурур туйғусини шакллантириш, буюк боболаримиздан қолган меросларни асраб-авайлаш каби мақсадларга эришишга туртки бўлди.
Президентимизнинг “Савоб ишни ҳар ким ҳар куни қилиши керак” деган сўзларида олам-олам маъно мужассам. Дарҳақиқат, бирор бир инсоннинг кўнглини кўтариш, қўлдан келганча ёрдам бериш ҳақиқий инсоний фазилатдир. Агар бу кўнгил эндигина дунёни англаётган, мурғак қалб бўлса-чи? Унда болаларнинг кўзларидаги қувончни кўриб бу дунёда яшамоқнинг маъносини англагандек бўлади киши.
“Соғлом алвод учун” халқаро хайрия фонди ҳам ана шу нақлга амал қилган ҳолда фаолият олиб боради, ҳамда ана шу эзгу мақсад йўлида ҳамкорлик қилаётган барча ташкилотларга, хусусан тадбир ёритилишида амалий ёрдамини аямаган оммавий ахборот воситалари вакилларига ўзининг самимий миннатдорчилигини билдиради.