“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган "Саломатлик” поезди Сурхондарё вилояти аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказди.
Узун туманининг “Сариосиё” темир йўл бекатида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Мазкур саломатлик поезди ҳам аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий кўмакка муҳтожларга ёрдам кўрсатишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
– “Сариосиё”, “Бойсун”, “Дарбанд”, “Қумқўрғон” темир йўл бекатларида малакали шифокорлар ва кўчма тиббий ижтимоий ёрдам бригада мутахассислари болалар, хотин-қизлар, кўп болали оилалар ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Сурхондарё вилояти ҳудудий филиали директори Ҳулкар Эгамбердиева. – Аниқланган касалликларни даволаш бўйича зарур тавсиялар берилди. Жойларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга бағишланган суҳбат ва учрашувлар ташкил этилди.
“Дори-дармон” акциядорлик компанияси, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти ва бошқа ташкилотлар кўмагида ташкил этилган тиббий-ижтимоий акция доирасида вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари ва кам таъминланган оилалар 300 дан ортиқ турдаги дори-дармон, санитария-гигиена воситалари, тиббий анжомлар билан таъминланди.
Айни пайтга қадар “Саломатлик” поезди Сариосиё, Узун, Қумқўрғон туманларида бўлиб, кўп болали оилалар, хотин-қизлар, болалар ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларига беғараз ёрдам кўрсатди.
– Ўғлим Фахриддин умуртқа чурраси касаллигига чалинган, – дейди қумқўрғонлик Саодат Бердиева. – Икки марта жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Малакали шифокорлар фарзандимнинг соғлиғини текшириб, зарур тавсиялар, гигиена воситалари берди. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимиздан миннатдормиз.
Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА