“Ер куррасида тинчлик” Республика расмлар кўрик-танлови

Ҳар йили мунтазам равишда 1 июн “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишлаб ўтказиладиган тадбирлардан бири Республикамиздаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида анъанавий тарзда бўлиб ўтадиган “Ер куррасида тинчлик” расмлар кўрик-танловидир. Ушбу кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 21 майдаги 14-07/1-88-сонли тасдиқланган 1 июн Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Ҳар бир болага меҳр, эътибор!” шиори остида махсус 10 кунликни ташкил этиш тўғрисидаги 16-сонли мажлис баённомаси ижросини таъминлаш мақсадида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Ўзбекистон Бадиий Академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда мунтазам равишда ўтказилиб келмоқда.

Танлов икки босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқич жорий йилнинг апрел-май ойларида ўтказилиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасалари тарабияланувчилари қатнашишди. Улардан 100дан ортиқ расмлар вилоят босқичларида аниқланди. Шундан, 9 нафар ғолиблар ва 7 нафар номинациялар бўйича ғолибларнинг энг яхши ишлари 2016 йил 31 май куни соат 11:00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Марказий кўргазмалар зали (Тошкент шаҳри Шароф Рашидов кўчаси 40-уй)да танловнинг якуний босқичида эълон қилинди. Расмлар таниқли профессионал рассомлардан ташкил топган юқори малакали ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланди. Танлов 3 та ёш категорияси бўйича ўтказилди: 3 ёшдан – 6 ёшгача, 7 ёшдан – 11 ёшгача, 12 ёшдан – 15 ёшгача. Шунингдек тадбир доирасида бир қатор халқаро кўрик-танловлар ғолиби ва лауреати соҳиби Сагатова Камиллани тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда “Ором” болалар ашула ва рақс гуруҳи ҳамда Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейининг оркестр жамоалари чиқишлари намойиш этилди.

Мазкур танловда, иштирокчилар ўзларининг ижод намуналари билан юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги ҳақидаги тушунчалари ва тасаввурларини баён қилишди. Танловнинг номланиши ҳам бежизга эмас. Чунки, Ер куррасида тинчлик бўлишини ҳамма хоҳлайди, ана шу эзгу истак оғушида вояга етган ҳар бир бола табиийки, тинчлик ва осойишталикнинг қадрини англаб, унга ўз ҳиссасини қўшишни истайди. “Ер куррасида тинчлик” расмлар кўрик-танлови болаларнинг ижод дунёсига қадам қўйишлари учун қайсидир маънода замин яратади. Болаларнинг ижод намуналарини кузатар эканмиз, ҳар бир бола бир олам эканлигига амин бўлдик. Ўз расмлари орқали улар дунёга, Ватанимизга тинчлик тилашмоқда гўё.

Тадбирни ўтказишдан мақсад – болаларнинг санъат ва маданиятга бўлган қизиқишларини янада ошириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни тасвирий санъатга ва бадиий ижодга бўлган қизиқиш ва эътиборини мустаҳкамлаш.

Тадбир сўнгида ташкилотчилар томонидан барча ғолиблар учун дипломлар, қимматбаҳо совғалар топширилди.

Кўрик-танлов ташкилотчилари ушбу тадбирни ташкиллаштиришда амалий ёрдам берган барча ҳамкорларга шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимларига ўзининг миннатдорчилигини билдиради.

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари