Махаллада тиббий кўрик

“Sog`lom avlod uchun” фонди жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандларни тарбиялашда, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда, “Соғлом она – соғлом бола” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида бир қатор тадбирларни ўтказмоқда.

Республикамизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний соғлом ва маънавий бой, интелектуал салоҳиятли ёш авлодни тарбиялаш борасида ёшларимизни соғлом ва бақувват бўлиб камол топишларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг
5 январ, 8 феврал ва 6 июл кунлари соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишлари ижроси доирасида жадал суратда ишлар олиб бормоқда. “Sog`lom avlod uchun” фонди кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари Республикамиз миқёсида маҳаллалар ва қишлоқларда бўлиб, аҳолини айниқса вояга етмаган қизлар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишиб, уларга соғлом турмуш тарзи ва уни тўғри шакллантириш мавзуларида тиббий маслаҳатлар беришди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, 2017 йил II чораги давомида “Sog`lom avlod uchun” фондининг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 753 та қишлоқ ва 1 745 та маҳаллаларидаги 11 825та оилаларнинг ижтимоий шароити, ундаги психологик муҳит ва болалар соғлиги ўрганилди. Тиббий кўрик давомида жами 135 598 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Шундан, аёллар 64 812 (49 263 нафарни туғиш ёшида); болалар
38 512 нафар; ўсмирлар 19 682 (16 870 нафари ўсмир қизлар); эркаклар 12 592 нафарни ногиронлар ташкил қилди. Тиббий кўриклар билан бир қаторда 96881 нафар аҳоли ўртасида 2409 маротаба “ОИТС”, “Гиёҳвандлик”, “Соғлом турмуш тарзи”, “Репродуктив саломатлик” ва “Қизларни эрта турмушга бериш” мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилиб, жами 37468 нафар иштирокчи қамраб олинди.

2017 йилнинг 19 июл куни соат 10:00да Тошкент шаҳри Шайҳонтоҳур тумани “Шофайзи” маҳалла фуқаролар йиғини (Маннон Уйғур кўчаси 379, мўлжал: Шайҳонтоҳур тумани 8-сонли нотариуси)да “Sog`lom avlod uchun” фонди Тиббий-ижтимоий Маркази ҳамда Шайҳонтоҳур тумани марказий кўптармоқли поликлиникаси шифокорлари билан ҳамкорликда аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилди. Тиббий кўриклар жараёнида асосан ёши улуғ кексалар, уруш ва меҳнат фаҳрийлари, аёллар ва болалар саломатлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга ушбу ҳудуддаги мактаб, академик лицей ва коллеж ўқувчилари орасида соғлом турмуш тарзи ва репродуктив саломатликни тўғри шакллантириш, “Замонавий контрацепция усулларидан тўғри фойдаланиш”, “Туғруқлар оралиғини сақлашнинг аҳамияти”, “Климактирик даври” мавзуларида тушунтириш ва тарғибот ишлари ўтказилди.

“Sog`lom avlod uchun” фонди ушбу тадбирни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга, оммавий ахборот воситалари орқали ёритишда кўмаклашган журналист ва муҳбирларга ўзининг миннатдорчилигини билдиради.

Мулоҳаза билдириш