“Нафосат олами” шиори остида “Соғлом авлод учун” кубоги учун спорт фестивали

Юртимиз ёшларини етук ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларни ватанпарварлик руҳида камол топишларини таъминлаш, уларнинг иқтидори ва қобилиятларини тўла намоён этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш олдимизда турган муҳим вазифаларимиздан бирига айланган.

Спорт – саломатлик гарови. Юртимизда болалар ва ўсмирлар спорти ривожига алоҳида аҳамият бериб келинмоқда. Турли-туман спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали ёшларни оммавий тарзда спортга жалб этишга эришилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг 2018 йил 24 январдаги 1083-хх-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 январдаги 24/1-232-сонли топширқномасининг 1- иловаси “2018 йилда ўтказиладиган маданий – кўнгилочар, спорт, кўргазма ва бошқа оммавий тадбирлар календар режаси”га мувофиқ: “Sog`lom avlod uchun” фонди, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва бир қатор бошқа ташкилотлар ҳамкорликда ўсмир қизлар ва болалар ўртасида “Нафосат олами” шиори остида “Соғлом авлод учун” кубоги учун VI Республика спорт фестивали мусобақалари бўлиб ўтди.

Спорт фестивали доирасида: Спортнинг нафис турлари ҳисобланган сузиш, синхрон сузиш, сувга сакраш, бадиий гимнастика, спорт гимнастика, спорт айробика спорт турлари бўйича мусобақаларда ҳар бир жамоа таркибида 3-10 нафардан иштирокчи қатнашди. Фестивалда жами 250 нафарга яқин 2003-2012 йилларда туғилган ўсмир қизлар ва болалар ўз тоифаларида кураш олиб боришди.

Спорт фестивали 12 март куни 09:00дан 14:00гача “Саҳоват спорт сервиз” АЖ сув ҳавзасида спортнинг синхрон сузиш ва сувга сакраш турлари бўйича ва 13 март куни 09:00дан 14:00гача Мирзо Улугбек тумани 1- сонли гимнастикага ихтисослаштирилган олимпиа спорт мактаби спортнинг спорт рақси тури бўйича ўтказилди.

Спорт фестивалини ўтказишдан асосий мақсад:

– спортчи қизлар ўртасида спортнинг ушбу турларини мунтазам ташкил этиш орқали спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ўтказишларини ташкил этиш;

– ёшларни, айниқса қизларни жисмонан бақувват, баркамол ва соғлом бўлишига, чиниқишига, умумий иш қобилиятини ўсишига ёрдам бериш;

– спорт билан мунтазам шуғулланаётган ёшларни аниқлаб, улар ўртасида мусобақалар ўтказиш ҳамда радио ва телевидения орқали тарғибот этиш орқали бошқа болаларнинг ҳам спорт билан фаол иштирокига эришиш;

– спортнинг нафис турлари ҳисобланган сузиш ,синхрон сузиш ва сувга сакраш турларини янада ривожлантириш ва халқаро майдондаги ўрнини қарор топтириш;

Турнир ғолиблари ташкилотчилар томонидан тайёрланган дипломлар ва совғалар билан тақдирландилар. Албатта, мусобақада иштирок этган барча иштирокчи қизлар умрларини спортга бағишламасликлари мумкин, лекин уларнинг келажакда ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб вояга етишишларига ишонамиз.

Мусобақа ташкилий қўмитаси ушбу тадбирни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга, оммавий ахборот воситалари орқали ёритишда кўмаклашган барчага ўзининг самимий миннатдорчилигини билдиради.

Javob berish