“Наврўз садолари” IV халқаро мусиқа кўрик фестивали

Фестивал ташкилотчилари: “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон давлат консерваторияси, “Сўғдиёна” миллий чолғулар камер оркестри, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи МК, Швейцариянинг ҳамкорлик бюроси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси.

Миллий чолғулар оркестри ва кўп овозли ансамбллари жамоа ижрочилиги – республикамиз мусиқа маданиятидаги энг ёш йўналишларидан биридир. “Наврўз садолари” IV халқаро халқ чолғулари оркестрлари ва кўп овозли ансамблларининг мусиқа фестивали кўп овозли ижро шаклини ривожлантириш ва янада оммалаштиришга йўналтирилган.

Фестивалда катта оркестр жамоалари билан бир қаторда, кичик ансамбл гуруҳларининг иштирок этиши, республикамизнинг узоқ нуқталарида ҳам мусиқа оламида ижод қилиб келаётган турли ёшдаги ижодкорларни кенгроқ қамраб олишни таъминлайди. Ушбу фестивал Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 12 декабрдаги ЎРҚ-122 сонли “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенсияни ратификация қилиш ҳақида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 60 майдаги ПҚ-3022-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 мартдаги 01-07/1-1231-сонли “Кўповозли халқ чолғулари ансамбль ва оркестрларининг “Наврўз садолари” номли IV халқаро фестивалини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги мажлис баёни асосида ўтказилмоқда. Фестивал ташкилий қўмитаси эса фарзандларимизни аввало маънавий жиҳатдан соғлом, мустақил фикрлай оладиган, юксак интеллектуал салоҳиятли, чуқур билимли ва замонавий дунёқарашга эга, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлодни шакллантириш, давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятларини ана шу мақсадларга сафарбар этишга доир кенг миқёсли чора-тадбирларни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.

2007 йилдан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу фестивал – болалар ва ёшларнинг мусиқий тарбиясига бағишланган Давлат дастурларини бажариш, шунингдек республикамизнинг келажакдаги маданиятининг ривожи учун миллий чолғуларимиз ижрочилигида етук кадрлар тайёрлашга йўналтирилгандир. 2018 йилги фестивал Ташкилий қўмита қарори ҳамда хорижий ҳамкорлар таклифи инобатга олиниб, IV маротаба халқаро миқёсда ўтказилмоқда. Фестивал иштирокчилари: мусиқа ва санъат лицейлари оркестр ҳамда ансамбллар билан биргаликда, профессионал жамоалардан ташкил топгандир. Фестивал I босқичи жойларда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ғолибликни қўлга киритган санъат ва маданият лицей, коллежлар жамоалари ҳамда қўшни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мўғулистон ва Буриятия Республикаларидан қатнашиб, умумий иштирокчилар сони 700 нафарга яқин. Уларнинг ёши эса 7 ёшдан 16 ёшгачани ташкил этади. Фестивалнинг очилиш маросимида Тошкент шаҳарнинг 360-сонли мактабгача таълим муассасасининг “Янги авлод” болалар ижодий фестивали лауреати “Асалой” ўзбек миллий чолғулари болалар ансамбли иштирок этади. Танлов учун ажратилган композиторлар ижодиётидан ҳар бир йўналиш учун янги шартли асарлар тавсия этилган. Ўтган йили ўтказилган фестивал – танлов натижалари ёш ижрочилар маҳоратини ўсишига анча ёрдам берди.

Фестивал ўтказиш тартиби: (Ўзбекистон давлат консерваторияси)

03.04.18     –09:00 – 09:30 Матбуот анжумани (116-хона)

09:30 – 10:00 Миллий чолғулар кўргазмаси (Консерватория катта зали фойеси)

10:00 – 10:30 Фестивалнинг очилиши (катта зал)

10:30 – 13:00 Кўп овозли ансамбль ва оркестрларнинг чиқишлари (катта зал)

14:00 – 17:00 Кўп овозли ансамбль ва оркестрларнинг чиқишлари (катта зал)

18:00 – “Соғдиёна” ўзбек миллий чолғулари  камер оркестри “Миллий созлар ифори” номли концерти

04.04.18     – 09:00 – 13:00 кўп овозли ансамбль ва оркестрларнинг чиқишлари (катта зал)

14:00 – 16:00 Маҳорат дарслари: оркестр синфи, дирижёрлик ва чолғу ижрочилиги бўйича

17:00 – 18:30 Орган мусиқаси концерти ЎзР хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, доцент Мунира Аминова ижро этади.

05.04.18     – 08:30 – 10:00 Халқаро илмий-амалий конференция (116 хона)

10:00 – 12:00 Тақдирлаш маросими ва Гала концерт (катта зал)

Фестивалнинг бадиий раҳбари – проф. Феруза Равшановна Абдурахимова.

Фестивал ташкилий қўмитаси ушбу тадбирни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга, оммавий ахборот воситалари ходимларига ўзининг миннатдорчилигини билдиради.

Javob berish