Вазифалар

«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди тўғрисида

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

  • «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди (кейинги ўринларда Фонд деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 23 апрелдаги ПҚ-596-сон қарори билан ташкил этилган.
  • Фонд жамоат фонди сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади. Фонд хўжалик мустақиллиги асосида иш кўради, ўз мол-мулкига, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, шу жумладан хорижий валютадаги ҳисоб рақамларига эга бўлади. Ўз номидан мулкий ва мулкий бўлмаган ҳуқуқларни сотиб олади, тегишли мажбуриятларни бажаради.
  • Фонд ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва Фонд уставига мувофиқ амалга оширади.
  • Фонд юридик ва жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари, халқаро ташкилотлар томонидан унга исталган шаклда маблағ қўшиш учун очиқдир.

II. Фонднинг мақсади, асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари

  • Давлатнинг ижтимоий дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этиш, соғлом авлодни тарбиялашга, юксак умуминсоний қадриятларга асосланган ҳаётий нуқтаи назарга эга бўлган маънавий бой, ахлоқий етук, интеллектуал ривожланган, юқори маълумотли, жисмоний соғлом, баркамол шахсни шакллантириш, она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш Фонд фаолиятининг мақсади ҳисобланади.
  • Қуйидагилар Фонднинг асосий вазифалари ҳисобланади:

жамоатчилик ва давлат тузилмаларининг жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда соғлом, баркамол ёш авлодни шакллантиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш;

давлатнинг ижтимоий дастурларини амалга ошириш доирасида юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонларини жалб этиш ва жамлаш бўйича фаол иш олиб бориш;

давлатнинг она ва бола соғлиғини мустаҳкамлашга, соғлом авлодни вояга етказиш ва тарбиялашда оиланинг ролини кучайтиришга йўналтирилган ижтимоий дастурлари мақсадлари ва мазмун-моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб этишни ташкил қилиш;

республиканинг бутун ҳудудида бола туғиш, она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш масалалари бўйича аҳолини ўқитишга йўналтирилган комплекс ижтимоий ва ташвиқот-тарғибот дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкил этиш йўли билан жамоатчилик онгида тўлақонли, баркамол ва соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун юксак масъулиятни шакллантиришга кўмаклашиш;

аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига, энг аввало, кўп болали оилалар, аёллар, ногиронлар, ногирон болалар ва болалар уйлари, «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчиларига, «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларида, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида яшовчи шахсларга мурувват ёрдами кўрсатиш;

ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни, шунингдек аҳолининг кам таъминланган тоифаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан уларнинг моддий аҳволини яхшилаш;

перинатал марказлар, скрининг-марказлар, реабилитация марказлари, туғруққа кўмаклашувчи, педиатрия даволаш-профилактика муассасалари ва бошқа муассасаларнинг моддий-техника базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ҳар томонлама кўмаклашиш;

профилактика чора-тадбирларини кучайтириш ҳамда аҳолини вирусли ва юқумли касалликлардан ҳимоя қилишнинг ишончлилигини ошириш, ногиронликни реабилитация қилиш, олдини олиш ва унинг профилактикаси ишлари, онкология муассасалари, силга қарши хизматлар ва бошқа хизматларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, профилактика ишларининг самарали тизимини шакллантириш, ижтимоий аҳамиятли касалликларни барвақт аниқлаш ва даволаш;

касалликлар, ногиронлик профилактикаси ва фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, шунингдек соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш соҳасидаги фаолиятга кўмаклашиш, фуқароларга маънавий-психологик ёрдам кўрсатиш;

таълим, фан, маданият, санъат, маърифат, шунингдек шахснинг маънавий камол топиши соҳасидаги фаолиятга кўмаклашиш;

жисмоний тарбия ва оммавий спортни оммалаштириш ва ривожлантириш соҳасидаги фаолиятга кўмаклашиш;

она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни тайёрлаш ишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш.

  • Фонд ўзига юкланган вазифалардан келиб чиқиб, ўз фаолиятини қуйидаги йўналишларда амалга оширади:

тиббиёт, овқатланиш, экология ҳамда она ва боланинг ҳаётий эҳтиёжларини қондириш бўйича бошқа йўналишлар соҳасида янги технологиялар, техника ва асбоб-ускуналарни яратиш ва жорий этиш;

она ва бола соғлиғи ҳаёт фаолиятининг ҳуқуқий, маънавий-одоб-ахлоқ, ижтимоий-психологик шарт-шароитларини такомиллаштиришга кўмаклашиш.

Ойнинг машҳур мақолалари