Коллеждан – Корхонага

ЎзА, Ф.Убайдуллаев, 29.05.2013 17:47

Андижон санъат коллежида вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси, Андижон шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳудудий кенгаши ҳамкорлигида “Коллеждан – корхонага” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.

Иш берувчи ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, коллеж битирувчилари, уларнинг ота-оналари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда битирувчиларни уч томонлама шартнома асосида ишга жойлаштириш, бу борада олиб борилаётган кенг кўламли ишлар хусусида сўз юритилди.

Андижон санъат коллежини жорий йилда тамомлаган 237 нафар ўқувчи корхона ва муассасалар билан тузилган уч томонлама шартнома асосида ишга жойлашди. Бу коллеж маъмуриятининг бошқарма тасарруфидаги муассасалар билан ҳамкорлиги намунали йўлга қўйилганлигининг амалий натижасидир.

– Ўз мутахассислигим бўйича Избоскан туман маданият уйига ишга жойлашдим, – дейди коллеж битирувчиси Шоҳжаҳон Обидов. – Коллежда ўқиш жараёнида ушбу жамоада амалиёт ўтаганим ва бу ердаги мутахассислар ёрдамида зарур кўникмаларни эгаллаганим ишга киришимда қўл келди.

Тадбирда коллеж битирувчиларига меҳнат қонунчилиги, иш берувчининг мажбуриятлари ва меҳнат муҳофазаси бўйича зарур тушунчалар берилди.

Javob berish