ЎзА, Барно Мелиқулова, Отабек Мирсоатов (сурат), 27.03.2014 19:34
Ўзбекистон давлат консерваториясида “Наврўз садолари” халқ чолғулари оркестрлари ва кўп овозли ансамблларнинг VII республика фестивали бўлиб ўтди. Унда мактабгача таълим муассасалари, мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослашган лицей ва коллежлар, олий мусиқа ўқув юртларидаги оркестр ҳамда ансамбллар, профессионал жамоалар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, «Тасвирий ойина», Ўзбекистон Бастакорлар уюшмалари, “Сўғдиёна” ўзбек миллий чолғулари камер оркестри ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган маданий тадбир Соғлом бола йилига бағишланди.
Анъанавий фестиваль халқ чолғулари оркестрлари ва кўп овозли ансамбллар ижрочилиги йўлида изланаётган ёш истеъдодларни аниқлаш, бу бетакрор мерос намуналаридан миллий санъат ихлосмандларини баҳраманд этиш имконини бермоқда. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан эллик саккизта жамоа қатнашиб, умумий иштирокчилар сони минг нафардан ошди. Бу йилги фестивалнинг аввалгиларидан фарқли жиҳати, унда мактабгача таълим муассасалари болалар ансамбллари ҳам иштирок этди.
– Мазкур танлов иқтидорли ёшларни рағбатлантиришда муҳим омил бўлаётир, – дейди Фарғона санъат коллежи ансамбли раҳбари Дилором Алимова. – Ансамблимиз аъзолари шу каби кўрик-танловларда маҳорат ошириб, 2013 йилда «Ниҳол» мукофоти билан тақдирланди.
– Фестивалда «Сурхон наволари» куйини ижро этдик, – дейди Шўрчи туманидаги 7-болалар мусиқа ва санъат мактаби оркестри ижрочиси Фаррух Аҳмедов. – Жамоамиз учинчи ўринга лойиқ кўрилганидан жуда хурсандмиз. Бу ерда тенгдошларимизнинг ижоди билан яқиндан танишганимиз келгусида янада кўпроқ изланишга ундайди.
Фестиваль давомида мусиқий чолғулар кўргазмаси ташкил этилди, ансамбль ва оркестрларнинг концерт дастурлари бўлиб ўтди. Болалар фольклори, рақс санъати, болалар ва ўсмирлар хор жамоаларининг ижрочилик маҳорати, чолғу созлар ансамблларининг чиқишлари томошабинларга манзур бўлди.
Танловда турли номинациялар бўйича ғолибларга диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.