Фахрийлар ва ёшлар учрашуви

ЎзА, Сардор Тожиев, 05.05.2014 20:39

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгашида 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган “Уч авлод учрашуви” маданий-маърифий тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хафсизлик масалалари қўмитаси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда уруш ва меҳнат фахрийлари, “Ватанпарвар” ташкилоти ходимлари, Тошкент бирлашган техник мактаби курсантлари иштирок этди.

“Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши раисининг ўринбосари М.Умаров Президентимиз раҳнамолигида ўтганларни хотирлаш, кекса авлод вакилларига алоҳида эҳтиром ва ғамхўрлик кўрсатиш, юртдошларимизнинг фидокорона меҳнатини муносиб баҳолашга катта эътибор берилаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 18 апрелда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони бунинг ёрқин исботидир.

Нуроний отахон ва онахонларнинг бой ҳаётий тажрибаси, қимматли ўгитлари ёш авлоднинг Ватанга садоқат, буюк келажакка ишонч руҳида камол топишида муҳим аҳамият касб этаётир. Учрашувда уруш ва меҳнат фахрийлари ўзларининг навқирон йигитлик йилларига тўғри келган Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги даврларда бошидан кечирган қийинчиликлар ҳақида сўзлаб берди. Мустақиллик, тинчлик-осойишталик халқимизнинг бебаҳо бойлиги экани, унинг қадрига етиш ва асраб-авайлаш зарурлигини таъкидлаб, истиқлол йилларида эришилган ютуқлар ҳақида сўз юритди.

“Ватанпарвар” ташкилоти ёшларни армия сафларида хизмат қилишга жисмоний, техник ва руҳий тайёрлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда, ёшларнинг маънавий камолотга етиши, уларда ирода ва қатъиятни шакллантириш, жанговар ва маънавий руҳини мустаҳкамлашга катта аҳамият бермоқда. “Уч авлод учрашуви” каби маданий-маърифий тадбирлар айнан шундай эзгу мақсадларга хизмат қилаётир.

Тадбирда уруш ва меҳнат фахрийларига эсдалик совғалари топширилди.

Javob berish