Оила муносабатлари барқарорлиги йўлида

21.07.2014 19:40

Соғлом боланинг дунёга келиши ва ҳар томонлама баркамол бўлиб ўсиб-улғайиши оила институтини мустаҳкамлаш, никоҳ муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш, шу билан бирга, оилавий низоларнинг олдини олишга бевосита боғлиқ. Бу масалаларни муваффақиятли ҳал этиш хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла ва бошқа жамоат тузилмаларининг доимий ҳамкорлигини талаб этади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган анжуманда шу ҳақда сўз борди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, тиббиёт мутахассислари, маҳалла оқсоқоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, маҳалла посбонлари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, оилалардаги тинчлик-тотувлик кўп ҳолларда ҳаётнинг гултожи бўлган фарзандлар иқболи билан белгиланади. Бу жараёнда эрта никоҳнинг олдини олиш ҳам муҳим масалалардандир. Сир эмас, орамизда “Қиз бола – бировнинг хасми, унинг бахтини бойламай, бирортасига узатиб, тезроқ қутулайлик”, дея саёз фикрлаётган, ҳали ҳаёт ҳақида теран мушоҳадага эга бўлмаган, бирор касб-ҳунарнинг этагидан тутмаган фарзанди зиммасига оила юритишдек масъулиятли бурчни юклаётган ота-оналар ҳам учрайди.

– Оила муносабатларида барқарорликни таъминлаш масалалари миллий қонунчилигимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар орқали янада мустаҳкамланиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Фарида Абдураҳимова. – Жумладан, 2013 йил 1 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, эрта никоҳ қуришнинг олдини олиш мақсадида никоҳ муносабатларига киришишда қонунда белгиланган никоҳ ёшига амал қилмаслик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди. Бу жамиятнинг энг кичик бўғини ҳисобланган оиланинг пойдевори мустаҳкам бўлишига замин яратади.

Анжуманда ФҲДЁ бўлимлари қошидаги “Ёш оила қурувчилар мактаби” фаолиятини кучайтириш, машғулотларга аҳил ва ибратли оила вакилларини кўпроқ жалб этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.

ЎзА, Дилшод Каримов

 

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари