Фахрийлар – фахримиз

АН

Фахрийлар – фахримиз

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги “Ариран” қариялар уйида ташкил этилган маданий-маърифий тадбир шундай номланди.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ташаббуси билан ўтказилган тадбирда нуронийлар, санъаткорлар, Жанубий Кореянинг “Kofih” халқаро хайрия фонди вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда аҳолини кучли ижтимоий муҳофаза қилиш, ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, саломатлигини асраш, улар учун муносиб турмуш шароити яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор ўзининг юксак самараларини бераётгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2011 йил 30 майдаги “2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Ушбу ҳужжат ижроси доирасида 2014 йили фонднинг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги айрим оилаларнинг ижтимоий шароити, психологик муҳити атрофлича ўрганилди. 75 минг нафарга яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди.
Юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг бир оиладек аҳил-иноқ ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Корейс миллатига мансуб, ёрдамга муҳтож қариялар учун мўлжалланган “Ариран” қариялар уйида 40 нафарга яқин ёши улуғ инсонлар истиқомат қилади.
– Ўзбекистоннинг куч-қудрати ва иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтиришда миллатлар ва турли диний конфессиялараро аҳиллик, тинчлик ва тотувлик, жамиятда устувор бўлган меҳр-оқибат, бағрикенглик муҳити муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Жанубий Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармасининг Ўзбекистондаги филиали директори Сонг Ёнг Гин. – Шу боис “Ариран”да кексалар ўзларини ўз уйидагидек ҳис қилади. Бунинг учун барча зарур шарт-шароит яратилган.
– Ўзбек халқининг самимийлиги, бағрикенглиги, меҳр-оқибати бутун дунёга машҳур, – дейди Александра Хе. – Мана шундай диёрда яшаётганимдан ғурурланаман. Ҳозир ёшим 94 да. Ўйлаб қарасам, умримнинг сўнгги 25 йилини чинакам инсонлардек яшабман. Бу ерда ўзимни шу қадар яхши ҳис қилаётганим, кўплаб дўстлар ортирганим учун йиллар ғиррилаб ўтиб кетгандек туюлади.
Тадбирда “Ўзбегим ёшлари” ансамбли томонидан тақдим этилган маданий дастур барчага кўтаринки кайфият улашди.

 

Беҳзод Ҳидоятов, ЎзА

Javob berish