“САЛОМАТЛИК” поезди олис манзиллар сари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 18 февралдаги ПҚ-2302-сонли Қарори билан тасдиқланган “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросини таминлаш мақсадида, чекка ҳудудлардаги ва бориш қийин бўлган туманлар аҳолисини кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари томонидан чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга манзилли мурувват ёрдамини кўрсатиш, Республиканинг экологик ноқулай ҳудудлари аҳолисига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК биргаликда Навоий вилоятининг чекка ҳудудлари аҳолиси учун Тошкент – Навоий – Тинчлик – Конимех – Қара-қата – Мустақиллик – Қизилқудуқ – Бузаубай – Учқудуқ II – Тошкент йўналишидаги “Саломатлик” поезди 2015 йил 23-31 март кунлари ташкил этилди.

Маълумот ўринида айтиб ўтиш жоизки, 2014 йил давомида Навоий, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига 3 маротаба “Саломатлик” поездлари ташкил этилган эди. Ушбу “Саломатлик” поездларининг мутахассислари томонидан     5363 нафар фуқаро чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик билан бир қаторда “Саломатлик” поездининг фаолияти давомида вилоятдаги 95 та тиббий ва ижтимоий муассасаларга шунингдек, 8274 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли равишда озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, санитария ва гигиена воситалари жами 109,1 млн. сўмлик инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди, бундан ташқари 1 321,2 минг АҚШ долларига тенг витамин, кийим-кечак, тиббиёт жиҳозлари, дори-дармон ва санитария-гигиена воситалар тарқатилди.

Навбатдаги “Саломатлик” поезди учун “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК томонидан махсус вагонлар тақдим этилиб, юқори малакали шифокорлар гуруҳи аҳолига зарур тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида 23 март куни соат 16:50 да Тошкент шимолий вокзалидан йўлга чиқди. Ушбу малакали шифокорлар билан бирга жойларда фонднинг Навоий вилояти кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси ходимлари ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Ушбу инсонпарварлик ёрдами 486,1 млн. сўмлик озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда дори-дармон ва тиббиёт анжомлари, тиббиёт жиҳозлари, санитария-гигиена воситаларидан иборат мурувват ёрдамларидан ташкил топган.

Мазкур поезд ўз режаси давомида бориши кўзда тутилган Навоий, Тинчлик, Конимех, Қара-Қата, Мустақиллик, Қизилқудуқ, Бузаубай ва Учқудуқ II станцияларига яқин ҳудудларидан ташқари фонднинг Навоий вилояти ҳудудий филиали кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси орқали ҳудуддаги марказий шифохоналар, вилоят болалар ва туғруқ комплексларига ҳамда кўзи ожиз, ақли заиф ва кар-соқов болалар махсус мактаб интернатларига ўз ёрдамини кўрсатиши режалаштирилган.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад экологик жиҳатдан ноқулай шароитда истиқомат қилувчи аҳолини айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, шунингдек, чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ҳамда мурувват ҳаракатини ривожлантириш ишига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш.

Тадбир ҳомийлари: Германия Федератив Республикаси, АҚШнинг «Ameri Cares» и «Toms Shoes» халқаро ташкилотлари, “GALENIKA” МЧЖ, “Дори-дармон” АК, МЧЖ “Remedi” ҚК, “Diyor biznes” МЧЖ, МЧЖ “Universal hygienic care” ҚК, “Agro biokimyo” МЧЖ, ХК “Nobel pharmsanoat” МЧЖ, С.Қ.Исламбеков номидаги “O`zkimyofarm” АЖ, “Zamona Ra`no” МЧЖ, ХК “My lovely Asia Co.” МЧЖ, ҚК “Shaffof-servis” МЧЖ, “Baxtteks-farm” МЧЖ ва бошқалар.

“Соғлом авлод учун” фонди ушбу хайрия тадбирини амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга ҳамда оммавий ахборот воситаларига ўз миннатдорчилигини билдиради.

Мулоҳаза билдириш