Соғломлаштириш дастури амалда

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандларни тарбиялашда, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, “Соғлом авлод” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида бир қатор тадбирларни ўтказмоқда.

Маълумки, Фонд бир қатор халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳукуматимиз қарорлари ҳамда Давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида бемор ва ногирон болаларни соғломлаштиришда қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Мазкур йўналишда Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Корея Республикасининг Пундан Ча Университети госпитали, Ин Ха Университети госпиталларида туғма юрак нуқсони, терининг куйишдан кейинги асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан оғриган Ўзбекистонлик бемор болаларни бепул соғломлаштирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 18 февралдаги ПҚ-2302-сонли қарори билан тасдиқланган “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш, болаларни республика клиникаларида ва тиббиёт марказларида ҳамда чет элда соғломлаштириш, шу жумладан: туғма юрак нуқсонлари билан туғилган болаларни соғломлаштириш ва тезкор даволаш борасидаги ишларда “Соғлом авлод учун” фондининг алоҳида ўрни бор.

“Соғлом авлод учун” фонди узоқ йиллардан бери Корея Республикасининг бир қатор халқаро ташкилотлари ва Университетлари билан ҳамкорликда кенг кўламда фаолият олиб бормоқда. Шундай ишларидан бири юртимиздаги туғма юрак нуқсонлари билан туғилган болаларни соғломлаштириш дастуридир. Бу борада Фонд 2011 йилда “Save the Children” халқаро ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда келажакдаги ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан битим имзоланди. Унга кўра “Save the Children” халқаро ташкилоти “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондига ҳозирги кунга қадар Тошкент педиатрия тиббиёт институти кардиохирургия клиникасида операция қилиниши учун жами 200 донага яқин оксигенаторлар ва бутловчи қисмлари топширилди. Тошкент педиатрия тиббиёт институти кардиохирургия клиникасида юрак туғма нуқсонли болаларни Фонд ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тузилган рўйхатга мувофиқ, хайрия йўли билан 200 нафарга яқин болани операцияси амалга оширилди.

Шунингдек Фонд узоқ йиллардан бери Корея Республикасининг бир қанча халқаро ташкилотлари ва Университетлари билан ҳамкорликда ишларни амалга ошириб келади. Шундай яқин ҳамкорлари булар: “JCI-Korea” ва Ча Университети қошидаги Пундан Ча Госпитали ҳисобланади. Ча Университети қошидаги Пундан Ча Госпитали шифокорлари 2015 йилнинг 20 май куни Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида жами 46 нафар туғма юрак нуқсони ташхисли бемор болаларни умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишди.Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 2010-2014 йилларда ҳамкорлик доирасида “JCI-Korea” халқаро ёшлар ташкилоти ҳомийлигида 29 нафар болалар соғломлаштирилди.

Жорий йилги тиббий кўрик натижаларига кўра, оғир деб топилган бемор болаларнинг 6 нафари 2015 йилнинг 11 сентябрь куни Тошкент халқаро аэропортидан Корея Республикасининг нуфузли клиникаларида соғломлаштириш учун кузатувчилар билан биргаликда жўнаб кетади. Ушбу болалар 2015 йилнинг 24 сентябрь куни Тошкент халқаро аэропорти орқали Корея Республикасидан соғломлаштирилиб юртимизга қайтиб келишади.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ана шундай хайрли ишларни ташкил этишида яқиндан ёрдам бераётган барча ҳомий ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ходимларига ўз миннатдорчилигини билдиради ва келажакдаги ҳамкорликка чорлайди.

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари