Юртимиз ёшларини етук ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларни ватанпарварлик руҳида камол топишларини таъминлаш, иқтидори ва қобилиятларини тўла намоён этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш олдимизда турган муҳим вазифаларимиздан бирига айланган.
Спорт – саломатлик гарови. Юртимизда болалар ва ўсмирлар спорти ривожига алоҳида аҳамият бериб келинмоқда. Турли-туман спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали ёшларни оммавий тарзда спортга жалб этишга эришилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, айниқса ўсмирларни спортга кўпроқ жалб қилиш ҳамда 21 март “Наврўз” умумхалқ байрамига бағишлаб, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳамда бир қатор бошқа ташкилотлар ҳамкорликда ўсмир қизлар ва болалар ўртасида “Нафосат олами” шиори остида “Соғлом авлод учун” кубоги учун V Республика спорт фестивали мусобақалари бўлиб ўтди.
Спорт фестивали доирасида: Спортнинг нафис турлари ҳисобланган сузиш, синхрон сузиш, сувга сакраш ва спорт рақси турлари бўйича мусобақаларда ҳар бир жамоа таркибида 3-10 нафардан иштирокчи қатнашди. Фестивалда жами 150 нафардан ортиқ 2005-20010 йилларда туғилган ўсмир қизлар ва болалар ўз тоифаларида кураш олиб боришди.
Спорт фестивали 30 март куни 09:00 дан 14:00 гача Яккасарой тумани “Қушбеги” болалар спорт мажмуасида спорт рақси тури бўйича ва 31 март куни 09:00 дан 14:00 гача “Саҳоват спорт сервиз” АЖ сув ҳавзасида спортнинг синхрон сузиш ва сувга сакраш турлари бўйича ўтказилди.
Спорт фестивалини ўтказишдан асосий мақсад:
– спортчи қизлар ўртасида спортнинг ушбу турларини мунтазам ташкил этиш орқали спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ўтказишларини ташкил этиш;
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 февралдаги ПҚ-2487-сонли тасдиқланган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ҳаётга тадбиқ этиш:
– ёшларни, айниқса қизларни жисмонан бақувват, баркамол ва соғлом бўлишига, чиниқишига, умумий иш қобилиятини ўсишига ёрдам бериш;
– спорт билан мунтазам шуғулланаётган ёшларни аниқлаб, улар ўртасида мусобақалар ўтказиш ҳамда радио ва телевидения орқали тарғибот этиш орқали бошқа болаларнинг ҳам фаол иштирокига эришиш;
– спортнинг нафис турлари ҳисобланган синхрон сузиш, спорт рақси ва сувга сакраш турларини янада ривожлантириш ва халқаро майдондаги ўрнини қарор топтириш;
Турнир ғолиблари ташкилотчилар томонидан тайёрланган дипломлар ва совғалар билан тақдирландилар. Албатта, мусобақада иштирок этган барча иштирокчи қизлар умрларини спортга бағишламасликлари мумкин, лекин уларнинг келажакда ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб вояга етишишларига ишонамиз.
Мусобақа ташкилий қўмитаси ушбу тадбирни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга, оммавий ахборот воситалари орқали ёритишда кўмаклашган барчага ўзининг самимий миннатдорчилигини билдиради.