Маҳаллада тиббий кўрик

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги “Бектўпи” маҳалла фуқаролар йиғинида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан “Соғлом она – соғлом бола” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир.

Фонднинг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари маҳаллалар ва қишлоқларда бўлиб, аҳолини, айниқса, қизлар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, соғлом турмуш тарзи ва уни тўғри шакллантиришга доир маслаҳатлар бериб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда ташкил этилган ана шундай тадбирларда саксон беш мингдан зиёд аҳоли тиббий кўрикка жалб этилди. Етти юздан зиёд оиланинг ижтимоий шароити, ундаги психологик муҳит ва болалар соғлиғи ўрганилди.

Бектўпи маҳалласидаги навбатдаги хайрия тадбири жараёнида асосан ёши улуғ кексалар, уруш ва меҳнат фахрийлари, аёллар ва болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Аҳолига бепул витаминлар, дори-дармон ва гигиена воситалари тарқатилди. Шунингдек, ҳудуддаги умумтаълим мактаблари, лицей ва коллеж ўқувчилари орасида соғлом турмуш тарзи ва репродуктив саломатликни тўғри шакллантиришга доир тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди.

– Икки фарзандим билан малакали шифокорлар қабулида бўлиб, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтдик, – дейди Бектўпи маҳалласида яшовчи Зуҳра Солиева. – Бизни ва фарзандларимизнинг саломатлигини ўйлаб қилинаётган бундай хайрли ишлардан мамнунмиз.

Гўзал Сатторова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари