Соғломлаштириш дастури

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандларни тарбиялашда, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, “Соғлом авлод” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида бир қатор тадбирларни ўтказмоқда.

Маълумки, Фонд бир қатор халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳукуматимиз қарорлари ҳамда Давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида бемор ва ногирон болаларни соғломлаштиришда қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Мазкур йўналишда Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Корея Республикасининг Пундан Ча университети госпитали, Ин Ха университети госпиталларида туғма юрак нуқсони, терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан оғриган Ўзбекистонлик бемор болаларни бепул соғломлаштирилмоқда.

Бу борада Фонд Ҳиндистон Республикасининг бир қатор ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйилган. Жумладан 2015 йил 30 октябр куни Ҳиндистон Республикасининг “Артемис” кардиохирургия маркази, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондлари ўртасида ўзаро уч томонлама ҳамкорлик битими имзоланди. Ушбу ҳамкорлик битими доирасида хорижлик шифокорлар томонидан 2015 – 2018 йиллар давомида юртимиздаги 71 нафар юрак туғма нуқсонли бемор  болаларни жарроҳлик амалиёти орқали соғломлаштиришди.

Жорий йилнинг 12 сентябр куни “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва Ҳиндистон Республикасининг “Артемис” кардиохирургия маркази ўртасида янги ҳамкорлик битими имзоланди.

Ушбу ҳамкорлик битим асосида, жорий йилнинг 17 октябрь куни Ҳиндистон Республикасининг “Артемис” кардиохирургия маркази малакали шифокорлари Республикамизга ташриф буюришиб, соат 09:00-14:00гача Тошкент педиатрия тиббиёт институти Клиникаси базасида 42 нафар туғма юрак нуқсони ташхисли бемор болаларни умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишди.

Такидлаш жоизки ушбу тиббий кўрик Фонд томонидан рўйҳатга олинган оғир турдаги ташҳисга эга бўлган бемор болаларга ташкил этилди

Ушбу тиббий кўрик натижаларига кўра оғир деб топилган бемор болалар Ҳиндистон Республикаси нуфузли клиникаларида соғломлаштирилди.

“Соғлом авлод учун” фонди ана шундай хайрли ишларни ташкил этишида яқиндан ёрдам бераётган барча ҳомий ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ходимларига ўз миннатдорчилигини билдиради ва келажакдаги ҳамкорликка чорлайди.

Javob berish