2011 йил 6 ойлик ҳисобот – Оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган давлат аҳамиятига молик ҳаракат дастурлари

Туғма ногиронлик билан туғилишларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.06.2008 йилдаги ПП-892 сонли Қарорига мувофиқ махсус ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган давлат дастури доирасидаги  ишларни давом эттириш мақсадида фенилкетонурия хасталигига чалинган ёш болалар учун махсус ишлаб чиқариладиган озиқ – овқат маҳсулотларини етказиб бериш ҳақидаги шартномани тузиш учун энг мақбул агентларни танлаб олишни кўзлаб тендер комиссиясининг учта йиғилиши уюштирилди.

Олиб борилган ишлар натижасига кўра тендерда иштирок этган учта компаниялар орасидан комиссия томонидан Буюк Британиянинг “Stratford Group Management Ltd” фирмаси томонидан қилинган таклифи мақбул топилди. Томонлар иштирокида тузилган битимга кўра хорижий ҳамкоримиз Испаниянинг “Hero Espana S.A.” компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган умумий қиймати 802.3 минг АҚШ долларига тенг бўлган махсус озиқа маҳсулотларини етказиб берадиган бўлди. Айни пайтда битим иштирокчилари томонидан тузилган шартнома Ўзбекистон Республикасининг Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо-сотиқ вазирлигида рўйхатдан ўтказилмоқда.

“Она ва бола скрининги” деб ном олган давлат дастуринининг ижросини таъминлаш борасида қилинадиган ишларни бажариш баробарида 2011 йилнинг биринчи ярми давомида республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган Скрининг марказлари ходимлари иштирокида туғма гипотериоз ҳамда фенилкетонурия каби оғир туғма касалликларнинг олдини олиш учун ҳар икки йўналиш бўйича алоҳида 226 720 тадан неонатал скрининг тадқиқотлари амалга оширилди. Тиббий текширувдан ўтказилган янги туғилган чақалоқлар орасида 4 281 нафар гўдакда туғма гипотериоз, 937 нафар чақалоқда эса фенилкетонурия хасталиги борлиги аниқланди. Ҳозирги вақтда ушбу бемор болаларга жойлардаги Скрининг марказлари орқали зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Мазкур дастур доирасида ўтган олти ой давомида туғма ва транзитор гипотериоздек оғир дардга чалинган ёш беморларнинг оиласига, қалқонсимон бези шикастланган деб тахмин қиланаётган ҳомиладор аёлларга жами 2 223 дона “L-тироксин” препарати, фенилкетонурия хасталигига чалинган чақалоқларнинг оиласига эса 4 517 банка махсус озиқа бепул тарқатилди.

Туғма нуқсон билан туғилишнинг олдини олиш мақсадида махсус брошюра, буклет, плакат ва постерлар яратиб аҳоли ўртасида тарқатиш билан боғлиқ конкрет чора-тадбирларнинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси томонидан алоҳида ишлар қилинди. Бу соҳада қилинган амалий ишлар ижроси учун жамғарма томонидан жами 4 800,0 минг сўм миқдорда маблағ сарфланди. Турли хил долзарб мавзуларга бағишланган нашр маҳсулотларининг умумий ҳажми 25 000 минг экземплярни ташкил қилди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида жамғарма томонидан “Ўзбекистон Республикасида Тиббий-ижтимоий патронаж тизимини яратиш тўғрисида”ги Давлат дастурининг амалий ижросини таъминлаш юзасидан ҳам бир қатор ишлар қилинди. Хусусан олганда, жамғарма қошида ташкил қилинган Тиббий-ижтимоий патронаж тизими таркибига кирувчи сайёр бригадаларнинг фаолияти йўлга қўйилди. Бу дастурни амалга оширишга туман (вилоят) ҳокимликлари, маҳалла кенгашлари, турли тиббий муассасалар ходимлари жалб этилди. Сайёр бригадалар жойларга чиқиб маҳаллий аҳолининг орасида қизғин иш олиб боришди. Жумладан, мамлакатимизнинг чекка-чекка қишлоқларида яшовчи 20 916 та оиланинг турмуш шароитлари ва психологик муҳити ўрганиб чиқилди, республикамизнинг турли ҳудудларидаги 1 118 та маҳаллада бўлиб аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатилди. Тиббий кўрикдан жами 113 441 нафар киши (улар орасида 35 484 нафар бола, 57 671 нафар аёл бор эди) ўтказилди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида “Ўзбекистон Республикасида Тиббий-ижтимоий патронаж тизимини яратиш тўғрисида”ги Давлат дастурининг амалий ижросини таъминлаш мақсадида қилинган ишларга 206 157,3 минг сўм миқдорида маблағ сарфланди. Бундан ташқари, жамғарма қошида ташкил қилинган Тиббий-ижтимоий патронаж тизими таркибига кирувчи сайёр бригадаларнинг фаолиятини амалга ошириш давомида гуманитар ёрдам сифатида кам таъминланган ва кўп болалик оилаларга, ногиронларга 311 561 дона, 28 793 упаковка дори-дармонлар, 34 414 дона санитария ва гигиена маҳсулотлари, 3 598 дона кийимбош, шунингдек, 65 дона ногиронлик аравачаси, 10 919 кг озиқ-овқат маҳсулотлари бепул тарқатилди. Кўрсатилган гуманитар ёрдамнинг умумий қиймати 25 858,8 минг сўмни ташкил қилди.

Тиббий-ижтимоий патронаж тизими таркибига кирувчи сайёр бригадалар ходимлари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мутасадди ходимлари билан ҳамкорликда жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакатимиз аҳолиси орасида санитария – маърифатчилик ишларини олиб боришди. Бу йўналишда хусусан, 2 116 суҳбат ва маърузалар уюштирилди.  Бу тадбирларга тингловчи сифатида жами 106 842 та одам жалб этилди. Тадбирлар давомида 21 318 та буклетлар тарқатилди.

Жамғарманинг Низомида белгиланган функционал фаолиятни амалга ошириш давомида Самарқанд вилоятининг кўз касалликлари шифохонасига замонавий техника – ОАП комбайни ва офтальмологик операцияларни амалга ошириш учун жарроҳлик ускунаси, олиб берилди. Мазкур ускуналар ёрдамида 2 672 та кишига (улар орасида 887 та фертил ёшдаги аёллар, 714 та ёш болалар бор эди) малакали тиббий ёрдам кўрсатилди.

Ўрта Чирчиқ туман болалар касалхонасида жорий ҳисобот йилининг биринчи ярмида 1 625 та хасталанган болаларга тиббий ёрдам кўрсатилди. Малакали тиббий ёрдам сўраб мурожаат этганларнинг 1 227 таси касалхонанинг педиатрия ва неонатология бўлинмасида, 235 таси жонлантириш бўлинмасида ва 163 таси жарроҳлик бўлинмасида дардига шифо топди.

Бундан ташқари, шу йилнинг бирничи ярмида жами 5 007 нафар киши инструментал тиббий кўрикдан ўтказилди. Шулардан 158 нафари рентгенологик текширувдан, 3 894 нафари ультра товушли сканер ёрдамида амалга ошириладиган текширувдан, 355 нафари эхокардиография текширувидан ўтказилди.

Болалар касалхонасининг жарроҳлик бўлинмасига 163 нафар бемор ётқизилган эди, уларнинг 129 нафарига жарроҳлик операцияси қилинди.

Ҳисобот йилининг биринчи ярмида Жамғармага республикамиз фуқароларининг якка тартибда қилинадиган мурожаатларига кўра амалга ошириладиган хайрия ишлари ҳам давом эттирилди. Ўтган давр мобайнида Жамғарма томонидан республикамиз миқёсида 1 092 та ариза кўриб чиқилиб арзнома юборганларнинг илтимоси қондирилди. Жамғарманинг марказий аппарати томонидан қилинган саъй-ҳаракатлар туфайли 137 та шахсий мурожаатномада ифодаланган чигал масала ўз ечими топди. Бундан ташқари, Жамғарманинг марказий аппарати томонидан пойтахтимизнинг Чилонзор, Мирзо Улуғбек, Уч тепа, Хамза, Юнусобод ва Шайҳонтоҳур туманларида истиқомат қилувчи 23 нафар кам таъминланган оилаларга хайрия ёрдами кўрсатилди.

«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси ҳамда Тошкент Педиатрия тиббиёт институти қошидаги клиника билан тузилган келишувга асосан республикамиз фуқароларига малакали тиббий хизмат кўрсатилди. Жумладан, Жамғармага республикамизнинг Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида яшовчи айрим фуқаролар ёш болаларида туғма юрак хасталиклари борлигини билдириб ёрдам сўраб мурожаат қилишганди. Ушбу мурожаатларни қондириш учун Жамғарма томонидан Сеул Миллий университетидан хайрия ёрдами тариқасида республикамизга юборилган гуманитар юклар орасида олинган 10 дона оксигенератор ва уларнинг ишини таъминловчи махсус тизимлар жарроҳлик операциялари амалга ошириладиган тиббий муассасага етказиб берилди. Яна битта шундай тиббий ускуна жарроҳлик операциясининг муддати белгиланган куни жойига етказиб берилади.

Javob berish