Муҳим хайрия акцияси

ЎзА, А.Ортиқбоев, 26.11.2012 12:05

“Ҳаёт учун” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси, “Аёллар кенгаши” республика жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бир қатор соғломлаштириш марказлари ҳамкорлигида Оролбўйида хайрия акцияси ўтказилмоқда.

Унда пойтахтимиздаги нуфузли тиббиёт муассасаларининг малакали мутахассислари – онколог, психолог, гинеколог шифокорлар жойларда бўлиб, аёлларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.

– Мазкур акция “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури асосида ташкил этилди, – дейди “Ҳаёт учун” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси директори Шаҳноза Умарова. – Шу кунга қадар 17 минг нафардан ортиқ аёллар кўкрак бези саратони хасталиги бўйича кўрикдан ўтказилиб, уларга хасталикнинг олдини олиш, аниқ ташхис қўйиш, ўз вақтида даволаш бўйича кенг тушунча берилди ва касаллик аломатлари аниқланган аёлларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилди. Бу хасталикнинг хавфли жиҳати шундаки, у энг сўнгги – тўртинчи босқичга қадар деярли сезилмайди. Шу боис, аёлларимиз йилига камида 2 марта мутахассис кўригидан ўтишлари лозим.

– Икки фарзандим бор, – дейди нукуслик Камола Собирова. – Тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида малакали шифокорлардан кўкрак бези саратони ва унинг олдини олиш ҳақида аниқ маълумотга эга бўлдим. Бу хавфли касалликка чалинмаслик учун ўз соғлиғимизни доимо назорат қилиб борамиз.

 

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари