“Энг яхши саломатлик бурчаги” кўрик танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандларни тарбиялашда, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, “Соғлом авлод” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида бир қатор тадбирларни ўтказмоқда.

Сизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 27 февралдаги “Мустаҳкам оила йили” Давлат Дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ҳалқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда “Энг яхши саломатлик бурчаги” танлови Низоми ишлаб чиқилиб тасдиқланди.

Мазкур Низомга асосан, танлов уч босқичда ташкил этилди. Танловнинг 1-босқич умумтаълим мактаблари ўртасида туман (шаҳар)лар миқёсида, 2-босқич Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар миқёсида ўтказилди. Танловнинг 3-босқичи Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлардан ғолибликни кўлга киритган 1 тадан мактаблар (жами 14 та мактаб) ўртасида якуний босқичи жорий йилнинг май ойида ўтказилди.

Танлов ташкилотчиларидан иборат 5 нафар хайъат аъзолари иштирок этиб, мактабларда мавжуд бўлган тиббиёт хоналарининг тўғри жиҳозланиши (фавқулотда бахтсиз ходисалар рўй берганда биринчи ёрдам кўрсатишга тайёр эканлиги, мактаб хамшираси билан синф саломатлиги сектори орасида ҳамкорликнинг ва “Ораста қизлар” тўгарагининг қай даражада йўлга қўйилганлиги), “Саломатлик” бурчагидаги деворий газетанинг долзарб мавзуларни қамраб олганлиги, керакли маълумотлар билан бойитилганлиги, доимо янгиланиб борилишига эътибор берилиб ғолиблар аниқланди.

Жорий йилнинг 26 ноябр куни соат 11:00 да Тошкент шаҳар Шайҳонтоҳур туманидаги 324-сонли умумтаълим мактабида танловнинг Республика босқичида муваффақиятли иштирок этган мактаб жамоаларини ва “Энг яхши саломатлик бурчаги” кўрик-танлови ғолиблари ҳамда номинация соҳибларини тақдирлашга бағишланган тадбир ўтказилди.

Қуйида кўрик-танлов ғолиблари ҳамда номинация соҳиблари келтирилади.

“Энг яхши саломатлик бурчаги” Республика босқичида I ўрин Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 7-мактаб ўқувчилари:

II ўрин Сурхондарё вилояти Денов туманидаги 77-мактаб ўқувчилари:

III ўрин Наманган вилояти Наманган шаҳридаги 57-мактаб ўқувчилари эгаллашди.

“Энг яхши саломатлик тарғиботчиси” номинациясига Бухоро вилояти Бухоро шаҳридаги 12-мактаб, Сирдарё вилояти Ховос туманидаги 8-мактаб, Хоразм вилояти Хазорасп туманидаги 4-мактаб ҳамда Навоий вилояти Навоий шаҳридаги 11-мактаб ўқувчилари лойиқ топилди.

“Энг яхши саломатлик бурчаги” номинациясига Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги 1-мактаб, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги 13-мактаб, Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳридаги 66-мактаб ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош шаҳридаги 6-мактаб ўқувчилари лойиқ топилди.

“Энг яхши саломатлик посбони” номинациясига Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб, Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги 2-мактаб ҳамда Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги 11-мактаб ўқувчилари лойиқ топилди.

“Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия жамғармаси ушбу тадбирни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга, ОАВ орқали ёритишда кўмаклашган журналист ва мухбирларга ўзининг миннатдорчилигини билдиради.

 

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари