“Саломатлик” поезди Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб йўлга чиқади

Мамлакатимиз истиқлолининг илк йилларидан бошлаб ўсиб келаётган ёш авлод ҳақида ғамхўрлик кўрсатиш, оналик ва болаликни муҳофазалаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлантирилган. Кенг кўламли бу вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш учун жараёнга нодавлат нотижорат ташкилотларини жалб этиш  муҳим аҳамият касб этади.

Республикамизда узоқ йиллардан буён “Соғлом авлод учун” Ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Жамғарма ўз Низомида белгиланган вазифалар доирасида муайян йўналишлардаги фаолияти давомида тиббий, гуманитар, спортни ривожлантириш, таълим-тарбия соҳаларида ижтимоий аҳамиятга молик жуда кўп лойиҳаларни жорий этиб, амалда татбиқ қилмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК томонидан ишлаб чиқилган “Саломатлик” поезди билан боғлиқ тадбирлар лойиҳаси мана бир неча йиллардан буён самарали амалга ошириляпти. “Саломатлик” поезди ҳар йили мамлакатимизнинг энг чекка, экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларига сафарга жўнатилади. Поезд бригадасининг таркибига тиббиётнинг турли йўналишлари бўйича малакали тиббий ходимлар жалб этилади. Бригада аъзолари чекка ҳудудлар аҳолисини бепул тиббий кўрикдан ўтказади.

Бундан ташқари, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан болаликдан ногиронларга, боқувчисини йўқотган кўп болали оилаларга, шу билан бирга ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига, жойлардаги тиббиёт муассасалари, мактаб-интернатлар, мактабгача таълим муассасаларига гуманитар ёрдам бериш режалаштирилган. Гуманитар ёрдам юклари турли дори-дармон, тиббий анжом-ускуналар, санитария-гигиена воситалари, ногиронлик аравачалари ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат. Манзилли гуманитар ёрдам тариқасида озиқ – овқат маҳсулотлари ва ногиронлар учун ногиронлик аравачалари ҳам топширилади. Манзилларда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси қошидаги Тиббий-ижтимоий патронаж бригадасининг ходимлари аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида давра суҳбатларини, учрашувларни ташкил этади.

“Саломатлик” поездининг галдаги сафари Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб Тошкент – Тўрткўл – Мискен – Тошкент йўналишида бўлади. Мазкур сафарни ташкиллаштириш, хайрия ишларини амалга ошириш борасида халқаро миқёсларда фаолият юритувчи “Амери Керз” (АҚШ) компанияси, “Нестле -Ўзбекистон” қўшма корхонаси, “Ўзфармсаноат” ДАК, “Дори-дармон” АК, “Иффатли келин” нодавлат ўқув муассасаси, “Замона Рано” МЧЖ, “Технофарм” МЧЖ, “Агробиокимё” МЧЖлари  ҳомийлик ишлари билан фаол қатнашишди.

“Саломатлик” поезди жорий йилнинг 17 сентябрь куни пойтахтимизнинг Шимолий вокзалидан йўлга чиқади ва 24 сентябрга қадар жойларда фаолият олиб боради.

Javob berish