“Тошкент-Ленд” болалар истироҳат боғида ташкил этилган хайрия акцияси

“Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” биринчи халқаро байрамлардан бири бўлиб, уни ўтказиш ҳақидаги қарор 1949 йили Халқаро аёллар демократик федерациясининг махсус сессиясида қабул қилинган. Байрам сифатида эса 1950 йилдан бери нишонланиб келинади. 1989 йили “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция” қабул қилинади. Бу қонун ҳужжати 1990 йилдан кучга кирди. Шуни айтиш лозимки, мамлакатимизда ҳар бир болага алоҳида эътибор берилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07-20-7-сонли 4 май 2007 йилдаги топшириғига биноан “Ўзбекистонда болалар фаровонлигини таъминлаш бўйича Ҳаракат Дастури” ва бошқа қонун ҳужжатлари болаларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларнинг баркамол бўлиб вояга етишларига қаратилгандир. Президентимиз И.А. Каримов таъкидлаганидек, “Соғлом авлодни тарбиялаш барчанинг, бутун жамиятнинг, шу юртда яшайдиган ҳар бир инсоннинг асосий иши, инсоний бурчидир”.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ҳам баркамол авлод тарбияси, истеъдодли ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, ота-она меҳридан бебаҳра болаларга меҳр кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. 1 июнь “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишлаб қатор тадбирларни амалга оширмоқда. Бу каби тадбирлар ўзига хос сарҳисоб бўлиб, нафақат байрам арафасида, балки йил давомида ўтказилади.

Ўз навбатида, “Обод турмуш йили” Давлат дастурининг 44-45-бандлари ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 21 майдаги 07-07/1-85-сонли “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан жорий йилнинг 28 май – 3 июнь кунлари “Ҳар бир фарзандга меҳр, эътибор!” шиори остида махсус ҳафталик ҳамда 1-10 июнь кунлари “Биз баркамол авлодмиз” 10 кунлигини ўтказиш тўғрисида”ги 123-сонли мажлис баённомасига мувофиқ, 1 июн “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишлаб, жорий йилнинг 29 май куни соат 09:00 дан 13:00 гача “Соғлом авлод учун” жамғармаси, “Сен ёлғиз эмассан” болалар жамоатчилик жамғармаси, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар Ҳокимликлари ҳамкорликдаги анъанавий тадбирлардан бири “Меҳрибонлик” уйлари тарбиланувчилари учун Тошкент шаҳридаги “Тошкент-Ленд” болалар истироҳат боғида хайрия тадбирини ўтказди. Байрам тадбирида Тошкент (14-15-сонли “Меҳрибонлик” уйлари) ва Сирдарё (Гулистон Болалар шаҳарчаси) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги (21, 22, 23, 24, 30, 31-сонли “Меҳрибонлик” уйлари ва SOS Bolalar mahallalari) жами 1300 нафарга “Меҳрибонлик” уйлари ва Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари тизимида ўз хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган темирйўлчи оилалар фарзандлари ва Республика болалар форуми иштирокчилари учун барча кўнгилочар атракционлар бепул ташкил этилади.

Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси бу йўлда фаолият юритаётган ҳамда ўз фаолиятига кўмакдош бўлаётган барча-барчага беқиёс миннатдорчилигини изҳор этади.

 

Javob berish