“Ер куррасида тинчлик” Республика расмлар кўрик-танлови

Ҳар йили мунтазам равишда 1 июн “Халқаро болаларни химоя қилиш куни” га бағишлаб ўтказиладиган тадбирлардан бири Республикамиздаги умумтаълим мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида анъанавий тарзда бўлиб ўтадиган “Ер куррасида тинчлик” расмлар кўрик-танловидир. Ушбу танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 21 майдаги 07-07/1-85-сонли “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан жорий йилнинг 28 май – 3 июнь кунлари “Ҳар бир фарзандга меҳр, эътибор!” шиори остида махсус ҳафталик ҳамда 1-10 июнь кунлари “Биз баркамол авлодмиз” 10 кунлигини ўтказиш тўғрисида”ги 123-сонли мажлис баённомасига мувофиқ “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Ўзбекистон Бадиий Академияси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда мунтазам равишда ўтказиб келмоқда.

Танлов икки босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқич 2013 йилнинг  апрел-май ойларида ўтказилиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасалари тарабияланувчилари қатнашишди. Улардан 100 дан ортиқ расмлар вилоят босқичларида аниқланди. Шундан, 9 нафар ғолиблар ва 7 нафар номинациялар бўйича ғолибларининг энг яхши ишлари 30 май куни танловнинг якуний босқичида эълон қилинади. Расмлар таниқли профессионал рассомлардан ташкил топган юқори малакали хайъат аъзолари томонидан баҳоланди. Танлов 3 та ёш категорияси бўйича ўтказилди: 3 ёшдан -6 ёшгача, 7 ёшдан – 11 ёшгача, 12 ёшдан – 15 ёшгача.

Мазкур танловда, иштирокчилар ўзларининг ижод намуналари билан юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги ҳақидаги тушунчалари ва тасаввурларини баён қилишди. Танловнинг номланиши ҳам бежизга эмас. Чунки, Ер куррасида тинчлик бўлишини ҳамма хоҳлайди, ана шу эзгу истак оғушида вояга етган ҳар бир бола табиийки, тинчлик ва осойишталикнинг қадрини англаб, унга ўз ҳиссасини қўшишни истайди. “Ер куррасида тинчлик” расмлар кўрик-танлови болаларнинг ижод дунёсига қадам қўйишлари учун қайсидир маънода замин яратади. Болаларнинг ижод намуналарини кузатар эканмиз, ҳар бир бола бир олам эканлигига амин бўлдик. Ўз расмлари орқали улар дунёга, Ватанимизга тинчлик тилашмоқда гўё.

Тадбирни ўтказишдан мақсад – болаларнинг санъат ва маданиятга бўлган қизиқишларини янада ошириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни тасвирий санъатга ва бадиий ижодга бўлган қизиқиш ва эътиборини мустаҳкамлаш.

Тадбир сўнгида ташкилотчилар томонидан барча ғолиблар учун дипломлар, қимматбаҳо совғалар топширилади.

“Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия жамғармаси ушбу кўргазмани ташкил қилишда амалий ёрдам берган барча ҳамкорларга шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимларига ўзининг миннатдорчилигини билдиради.

 

Javob berish