“Газель” махсус автомашиналарининг тақдимот маросими

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан ҳар бир йилга алоҳида ном берилиб, ўтган ҳар бир йил ўз мазмун моҳиятига эга бўлиб бормоқда. Жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний соғлом ва маънавий бой, интелектуал салоҳиятли ёш авлодни тарбиялаш борасида “Обод турмуш йили”да кўпгина ишлар амалга оширилмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси мустақил жамоат ташкилоти бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг 1993 йил 23 апрелдаги Фармонига биноан ташкил этилган. Унинг мақсади ва вазифалари жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандлар тарбиялашни таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, оилаларда соғлом авлоднинг туғилиши ва тарбияланишига эришиш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини оширишдан иборатдир.

Сизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 1996 йил 22 февралдаги 71-сонли қарори билан “Соғлом авлод учун” жамғармаси “Тиббий ижтимоий патронаж” тизими ташкил этилган.

“Тиббий ижтимоий патронаж” тизими доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тиббий диагностика техникаси билан жихозланган “Автоамбуланс”ларда шифокорлар бригадалари маҳаллаларда, чекка қишлоқ ва овулларда фаолият олиб бормоқдалар.

Айниқса, ушбу тизим моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳолининг кенгроқ қатламларини қамраб олиш мақсадида 2010-2013 йилларда Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси томонидан “Hyundai – Мобил клиника” си, 2012 йилда Туркия Ҳамкорлик ва Мувофиқлаштириш Агентлиги томонидан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасига “Peugeot” русумидаги автоамбуланс тақдим этилиб Фарғона вилояти “Соғлом авлод учун” жамғармаси тиббий ижтимоий патронаж тизимида замон талабларига мос самарали хизмат йўлга қўйилди. 2012 йилда июль ойида эса Буюк Британиянинг “Norvale company limited” компанияси томонидан “Соғлом авлод учун” жамғармаси Тошкент ва Хоразм вилоятлари Тиббий ижтимоий патронаж бригадаларига “УАЗ” русумидаги замонавий автоамбуланслар берилди. Шунингдек жорий йили жамғарманинг 20 йиллигига Корея халқаро соғлиқни сақлаш “KOFIH” жамғармаси томонидан “Hyundai H1” русумидаги мобил клиника Навоий вилояти Тиббий ижтимоий патронаж бригадасига берилди.

Ушбу тизимни янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 4 мартдаги 01/10-6-2-сонли мажлис баённомаси 3-банди ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзавтосаноат” АК ҳомийлигида жамғарма томонидан 5та “Газель” русумидаги махсус автомашина сотиб олинди.

Тиббий ижтимоий патронаж бригадаларининг фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари Ҳокимларининг мурожаатларини инобатга олган ҳолда жорий йилнинг 21 июнида жамғарма Тиббий ижтимоий марказида “Газель” русумидаги юқорида тилга олинган махсус автомашиналарининг тақдимот маросими ўтказилади.

Ушбу “Газель” русумидаги махсус автомашиналар келажакда жамғарманинг юқоридаги вилоятларнинг минтақавий филиалларига топширилиб, жойлардаги энг чекка ва ноқулай худудларда истиқомат қилаётган аҳолини тиббий-ижтимоий патронаж хизмати билан қамраб олади.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси мазкур лойиҳани амалга оширишда ҳамкорлик қилган давлат ва жамоат ташкилотларига ҳамда барча оммавий ахборот воситалари ходимларига ўзининг миннатдорчилигини билдиради.

 

Javob berish