“Саломатлик” поездининг бир хафта давомидаги фаолияти

Қорақалпоғистон Республикасининг узоқ ва бориш қийин бўлган ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда кам таъминланган оилаларга инсонпарварлик юкларини етказиб бериш мақсадида, 2013 йилнинг 19 октябридан 27 октябргача Тошкент – Қорақалпоғистон – Жаслиқ – Тошкент йўналишида “Саломатлик” поезди ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикасинг энг чекка, Қозоғистон Республикаси билан чегарадош чўл ҳудудида жойлашган (Тошкент шаҳридан 1700 км узоқликда) Қўнғирот туманидаги “Қорақалпоғистон” ва “Жаслиқ” қўрғонларида истиқомат қилувчи аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган оилаларга манзилли мурувват ёрдами кўрсатилди.

Тиббий кўрик “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясининг “Саломатлик” тиббий-санитария ёрдам поездининг малакали шифокорлари, “Соғлом авлод учун” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси филиалининг тиббий ижтимоий патронаж бригадаси мутахассислари томонидан амалга оширилди.

Саломатлик” поезди мутахассислари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 963 нафар аҳоли (терапевт-673 нафар, педиатр-290 нафар, гинеколог-354 нафар, стоматолог-321 нафар, лор-411 нафар, офтальмолог-556 нафар, хирург-219 нафар, невропатолог-334 нафар) чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди.

Тиббий кўрик давомида 354 нафар аёллар, улардан 327 нафари туғиш ёшидаги аёллар, 290 нафар болалар ҳамда 320 нафар эркаклар, улардан 55 нафари қариялар, 17 нафар ногиронлар қамраб олинди. Маълумки, чекка, экологик шароити ноқулай бўлган худудларда яшовчи аҳолига малакали мутахассислар томонидан тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида текширувларини ўтказиш катта аҳамият касб этади. Шу боис тиббий кўрик давомида аниқ лаборатор таҳлилларга ва замонавий текшириш усулларига таянган ҳолда ташҳислар қўйилди. Жумладан, 330 нафар аҳоли ЭКГ текшируви, 466 та ультратовуш текшируви, 575 нафар аҳолига флюрография ва 660 нафар аҳолига 1980 та лаборатор текширувлари (қон ва сийдикнинг умумий таҳлили, суртмаларнинг таҳлили, эритроцит, лейкоцит ва СОЭ текширувлари ва қондаги гемоглобин миқдори аниқланди) ўтказилди.

Тиббиёт ходимлари томонидан “Жаслиқ” ва “Қорақалпоғистон” қўрғонларида фуқаролар йиғини вакиллари иштирокида 100 нафар ёш оилалар ва бир ёшгача фарзанди бўлган оналар орасида хайрия тадбири ўтказилди. Шунингдек, хайрия тадбири давомида аҳолига “Шахсий гигиена”, “Қариндошлар ўртасидаги никоҳ нима учун хавфли?”, “Скрининг текширувини биласизми”, “Турмуш қуришда қизлар учун керакли маслаҳатлар” мавзуларида буклетлар тарқатилди.

“Саломатлик” поезди мутахассислари, жамғарманинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали тиббий ижтимоий бригадаси шифокорлари билан ҳамкорликда Қўнғирот туманининг экологик жиҳатдан ноқулай шароитда истиқомат қилувчи аҳолига айниқса, аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб – қувватлаш мақсадида, ногиронлар, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий мухофазага муҳтож аҳоли қатламларидан жами 2112 нафар аҳолига шундан 500 та оилага манзилли тарзда озиқ – овқат маҳсулотлари ва 1512 та аҳолига дори-дармон, уй-рўзғор анжомлари ва санитария — гигиена воситалари, пойафзал, кийим-кечак ва бошқа турдаги инсонпарварлик ёрдами топширилди.

 

Мулоҳаза билдириш