ЎзА, Н.Абдураимова, 24.03.2014 17:03
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида қайд этилганидек, 2013 йилда юқори технологияларга асосланган машинасозлик ва металлни қайта ишлаш саноати 121 фоизга, қурилиш материаллари саноати 113,6 фоизга, енгил саноат 113 фоизга ва озиқ-овқат саноати 109 фоизга ўсди.
Бу жабҳада “Ўзвиносаноат-холдинг” компаниясининг ҳам ўзига хос ҳиссаси бўлиб, тизимдаги корхоналарда 123,4 минг тонна узумни қайта ишлаш ҳисобига ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам ўз харидорларига эга бўлмоқда.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида мазкур компания томонидан амалга оширилаётган ишларга бағишлаб ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди.
Тадбирда соҳа ривожида корхоналарнинг ўз хомашё базасига эгалиги муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди. 2013 йилда мавжуд токзорлардан ноёб навли, саноатбоп 30,1 минг тонна узум хомашёси етиштирилиб, қайта ишланган. Жорий йилда бу кўрсаткич 43 минг тоннага етказилса, 2015 йилга бориб 63,5 минг тонна узумни қайта ишлаш режалаштирилган.
Бунда давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 13 мартда қабул қилинган “2013-2015 йиллар даврида республикада узумчиликни янада ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида ўтган йилда компания тизимидаги корхоналар тасарруфидаги токзорлар 4,4 минг гектарга кенгайтирилди. Бу 2011 йилга нисбатан деярли 1,5 баробар кўп демакдир.
Компания тизимида ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва маҳсулот турларини кўпайтириш, янги технологияларни жорий қилишга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, яқин келажакда мевали, сабзавотли табиий шарбатлар, консерва маҳсулотлари, нон, қандолат маҳсулотлари, минерал сув ва бошқа салқин ичимликларни ишлаб чиқаришга қаратилган қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилади.