Кино ва ёшлар

ЎзА, Дилшод Каримов, 27.04.2014 10:12

Жорий йилнинг 3-6 май кунлари Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳамкорлигида ушбу мавзуда республика форуми ўтказилади.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгашида мазкур форум олдидан уюштирилган матбуот анжуманида маданият ва санъат арбоблари, кинорежиссёрлар, актёрлар, драматурглар, киношунос олимлар,Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий кино санъатини ривожлантириш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш ва ушбу санъат орқали ёшлар маънавиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, ахборот технологиялари жадал ривожланаётган, турли ғоявий хуружлар авж олган бугунги замон ёшларнинг қизиқиш ва интилишларини инобатга олган ҳолда реал ҳаётни акс эттирган, уларни мустақил фикрлаш, ҳаётий позицияларини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, касбга йўналтириш, иқтидорини намоён этишга чорлайдиган санъат асарларини яратишни тақозо этмоқда.

– Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган профессионал кинокартиналар яратиш,иқтидорли киносценарист, кинорежиссёр ва актёрларни тарбиялаш, кино ижодкорларда яратилаётган фильмларга нисбатан ижтимоий масъулиятни ошириш долзарб масалалардандир, – дейди киношунос Шуҳрат Ризаев. – “Кино ва ёшлар” мавзусидаги республика форуми соҳада мавжуд масала ва муаммоларни атрофлича муҳокама этиш, бу борада ёшларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифларини олишда айни муддао бўлади.

Форумни юксак савияда ўтказиш мақсадида Ҳаракатнинг веб-сайтида (www.kamolot.uz) алоҳида саҳифа ташкил этилди. Ҳар бир кино ихлосманди унга бугунги ўзбек киноси ҳақида фикр ва мулоҳазалари, таклифлари, мутахассисларга саволларини юбориши мумкин.

Javob berish