Ногиронлик аравачаларининг топшириш маросими.

2014 йилнинг 1 май куни Ўзбекистон Бадиий Академияси Тошкент фотосуратлар уйида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи 14 нафар имконияти чекланган болалар учун хайрия тадбири ўтказилди. Тадбир доирасида имконияти чекланган болалар учун махсус ногиронлик аравачалари ва унинг эҳтиёт қисмлари топширилди. Тақдим этилган ногиронлик аравачалари АҚШнинг “AmeriCares” халқаро ташкилоти томонидан юборилган.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди мурувват йўналишида хайрия тадбирларини амалга ошириш, ўз Низоми ҳамда Давлат дастурларининг ижросини таъминлаш мақсадида Республикамиздаги тиббий-ижтимоий муассасалар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, “Меҳрибонлик”, “Мурувват”, “Саховат” уйлари, махсус-мактаб интернатлари тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлаш учун дори-дармон, тиббиёт жиҳозлари, санитария-гигиена воситалари, кийим-кечак, озиқ-овқат, ногиронлик аравачалари, спорт инвентарларидан иборат мурувват ёрдамларини топшириб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги ПҚ-2133-сонли қарори билан тасдиқланган “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг 56-бандига мувофиқ, болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, имкониятлари чекланган болаларга 550 та ногиронлар аравачаси ва ортопедик анжомлар ажратиш борасида “Соғлом авлод учун” фонди бир қатор ишларни амалга оширмоқда.

Жорий йил давомида “Соғлом авлод учун” фондига халқаро ҳамкор ташкилотлар томонидан дори-дармон, тиббиёт анжомлари, мультивитаминлар, ногиронлик аравачалари, витаминлаштирилган қуритилган сабзавот шўрваси кўринишидаги мурувват ёрдамлари ва бошқалар келтирилди. Ушбу мурувват ёрдамлари фонднинг ҳудудий филиаллари, жойлардаги соғлиқни сақлаш бошқармалари орқали республикамиздаги тиббий ва махсус болалар муассасалари шунингдек кам таъминланган ва ижтимоий муҳофазага мухтож аҳоли қатламларига топширилди.

Фонднинг мурувват йўналишидаги халқаро ҳамкорларидан бири ҳисобланган “AmeriCares” халқаро ташкилоти билан 18 йил мобайнида ҳамкорлик қилиб келинади. Биргина 2014 йилнинг        4 ойи давомида давомида халқаро ташкилотлар томонидан 9 та мурувват юклари қабул қилинган бўлса, шундан, 7 таси АҚШнинг “AmeriCares” халқаро ташкилоти томонидан юборилган. Ушбу ташкилот томонидан жорий йилда умумий қиймати 23 803,8 АҚШ долларига тенг бўлган 550 та ногиронлар аравачалари юборилган бўлиб, бугунги кунда фонд ва унинг ҳудудий филиаллари орқали кам таъминланган оила фарзандлари ҳамда имконияти чекланган фуқароларга топширилмоқда ва биз бугун бунинг гувоҳи бўлдик.

Ушбу халқаро ташкилот томонидан 2010-2014 йиллар давомида жами 2750 дона ногиронлик аравачалари юборилган бўлиб, улар жойлардаги Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва Соғлиқни сақлаш бошқармалари, Хотин-қизлар қўмиталари ва “Маҳалла” фонди бўлимлари орқали тарқатилди.

Бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Маҳалла” фонди ҳамда Касаба уюшмаси вакиллари иштирок этди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ушбу хайрия тадбирини амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга ҳамда оммавий ахборот воситаларига ўз миннатдорчилигини билдиради.

 

Javob berish