“САЛОМАТЛИК” поезди олис манзиллар сари

Навбатдаги “Саломатлик” поезди учун “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК томонидан махсус вагонлар тақдим этилиб, юқори малакали шифокорлар гуруҳи аҳолига зарур тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида, 2014 йил 17 май куни соат 22:30да Тошкент Марказий вокзалидан йўлга чиқди. Ушбу малакали шифокорлар билан бирга жойларда Фонднинг Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари Тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси ходимлари ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Ушбу хайрия акцияси давомида аҳолига ва даволаш профилактика муассасаларига қиймати 160,5 минг АҚШ доллари ва 11,9 миллион сўмга тенг инсонпарварлик юклари (600 дона озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат пакетлар, оёқ кийимлари, дори-дармон ва тиббиёт анжомлари, санитария-гигиена воситалари ва бошқалар)дан иборат мурувват ёрдамлари етказиб берди.

Ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан, соғлом ва интеллектуал шахс этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига тиббий хизмат кўрсатишга давлат миқёсида эътибор қаратилаётганини эътироф этган ҳолда, таъкидлаб ўтиш жоизки, бу ғамхўрликни Республикамизнинг барча ҳудудларида кўриш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги ПҚ-2133-сонли Қарори билан тасдиқланган “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг 24-бандида кўрсатилган чекка ҳудудлардаги ва бориш қийин бўлган туманлар аҳолисини тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари томонидан чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга манзилли мурувват ёрдамини кўрсатиш, Республиканинг экологик ноқулай ҳудудлари аҳолисига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК биргаликда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари аҳолиси учун Тошкент – Сариосия – Қумқўрғон – Бойсун – Оқробод – Деҳқонобод – Тошкент йўналишидаги “Саломатлик” поезди 2014 йил 17-23 май кунлари ташкил этилди.

Мазкур поезд ўз режаси давомида бориши кўзда тутилган Сариосия, Қумқўрғон, Бойсун, Оқробод, Деҳқонобод станцияларига яқин ҳудудларидан ташқари “Соғлом авлод учун” фонди Сурхондарё ва Қашқадарё вилоят ҳудудий филиалларининг автоамбуланс машинаси орқали ҳудуддаги барча “Мурувват”, “Меҳрибонлик” ва “Саховат” шу билан бир қаторда марказий шифохоналар, вилоят болалар туғруқ комплексларига ҳамда кўзи ожиз, ақли заиф ва кар-соқов болалар махсус мактаб интернатларига ўз ёрдамини кўрсатиши режалаштирилган.

2014 йил 17 май куни йўлга чиқувчи “Саломатлик” поезди ўз ишини 2014 йил 18 май кунидан ўз иш фаолиятини бошлайди ва бир ҳафта давомида малакали мутахассислар томонидан ногирон болалар, хотин-қизлар, боқувчисини йўқотган ва кўп болали оилаларни тиббий кўрикдан ўтказиш, жойларда махсус муассасалар, ёрдамчи мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига мурувват ёрдамларини топшириш, шу билан бир қаторда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи учрашувларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – экологик жиҳатдан ноқулай шароитда истиқомат қилувчи аҳолини айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига, шунингдек, чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ҳамда мурувват ҳаракатини ривожлантириш ишига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш.

Тадбир хомийлари: АҚШнинг “AmeriCares” ва “Resourse & Police Exchange” халқаро ташкилотлари, Болгариянинг “Софарма” АК, “Nestle Uzbekistan” МЧЖ ҚК, “O`qituvchi” НМИУ, “Baxteks” МЧЖ, “Shaffof servis” МЧЖ ҚК ва бошқалар.

“Соғлом авлод учун” фонди ушбу хайрия тадбирини амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга ҳамда оммавий ахборот воситаларига ўз миннатдорчилигини билдиради.

 

Мулоҳаза билдириш