“Ер куррасида тинчлик” Республика расмлар кўрик-танлови якуний босқичи ва Сагатова Камиланинг шахсий расмлар кўргазмаси

Танлов икки босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқич 2014 йилнинг апрел-май ойларида ўтказилиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасалари тарабияланувчилари қатнашишди. Улардан 100 дан ортиқ расмлар вилоят босқичларида аниқланди. Шундан, 9 нафар ғолиблар ва 6 нафар номинациялар бўйича ғолибларининг энг яхши ишлари 2014 йил 30 май куни соат 10:00даЎзбекистон Бадиий Академияси Тошкент Фотосуратлар уйи (Тошкент шаҳри Истиқбол кўчаси 51-уй)да танловнинг якуний босқичида эълон қилинди. Расмлар таниқли профессионал рассомлардан ташкил топган юқори малакали хайъат аъзолари томонидан баҳоланди. Танлов 3 та ёш категорияси бўйича ўтказилди: 3 ёшдан – 6 ёшгача, 7 ёшдан – 11 ёшгача, 12 ёшдан – 15 ёшгача.

Ҳар йили мунтазам равишда 1 июн “Халқаро болаларни химоя қилиш куни” га бағишлаб ўтказиладиган тадбирлардан бири Республикамиздаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида анъанавий тарзда бўлиб ўтадиган “Ер куррасида тинчлик” расмлар кўрик-танловидир. Ушбу кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг      2014 йил 19 февралда ПҚ-2133-сонли Қарори билан тасдиқланган “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг 114-банди ижросини таъминлаш ҳамда “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан жорий йилнинг 28 май – 3 июнь кунлари “Ҳар бир фарзандга меҳр, эътибор!” шиори остида махсус ҳафталик доирасида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Бадиий Академияси билан ҳамкорликда мунтазам равишда ўтказилиб келмоқда.

Мазкур танловда, иштирокчилар ўзларининг ижод намуналари билан юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги ҳақидаги тушунчалари ва тасаввурларини баён қилишди. Танловнинг номланиши ҳам бежизга эмас. Чунки, Ер куррасида тинчлик бўлишини ҳамма хоҳлайди, ана шу эзгу истак оғушида вояга етган ҳар бир бола табиийки, тинчлик ва осойишталикнинг қадрини англаб, унга ўз ҳиссасини қўшишни истайди. “Ер куррасида тинчлик” расмлар кўрик-танлови болаларнинг ижод дунёсига қадам қўйишлари учун қайсидир маънода замин яратади. Болаларнинг ижод намуналарини кузатар эканмиз, ҳар бир бола бир олам эканлигига амин бўлдик. Ўз расмлари орқали улар дунёга, Ватанимизга тинчлик тилашмоқда гўё.

Тадбирни ўтказишдан мақсад – болаларнинг санъат ва маданиятга бўлган қизиқишларини янада ошириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни тасвирий санъатга ва бадиий ижодга бўлган қизиқиш ва эътиборини мустаҳкамлаш.

Тадбир сўнгида ташкилотчилар томонидан барча ғолиблар учун дипломлар, қимматбаҳо совғалар топширилади.

Шунингдек, “Соғлом авлод учун” фонди томонидан иқтидорли ёшлар ўртасида бир қатор расмлар бўйича кўрик танловлар ва кўргазмалар ўтказилмоқда. Шулар қаторида ҳалқимиз меҳрига сазовор бўлган рассомлар асарлари бўйича ҳам қатор кўргазмалар ташкил этилиб келинмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди “1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя куни”га бағишлаб, ёш ижокорларимиз орасида ўз ўрнига эга бўлиб келаётган ёш мўйқалам соҳибларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг машаққатли ижод йўлига мардонавор қадам ташлаши учун кўмак бўлиш ва ўз ўрнида ўсиб келаётган ёш тасвирий санъат ихлосмандлари учун алоҳида ўрнак қилиб кўрсатиш мақсадида, 2014 йилнинг 30 май куни соат 10:00 да Ўзбекистон Бадиий Академияси Тошкент Фотосуратлар уйи (Тошкент шаҳри Истиқбол кўчаси 51-уй)да Тошкент шаҳрида ижод қилаётган иқтидорли, ёш ранг – тасвир устаси Сагатова Камиланинг шахсий расмлар кўргазмасини ташкиллаштиришни режалаштирди.

Кўргазмада рассомнинг натюрморт, пейжаз, компьютер графикаси жанрлардаги турли-туман асарлари тақдим этилган. Ёрқин рангларга бой асарларда она юртга, унинг ва меҳнатсевар халқига бўлган юксак муҳаббат ўз ифодасини топган.

Кўргазма муаллифлари тўғрисида маълумот:

Сагатова Камила: Юнусобод туманидаги 86-ўрта мактабнинг 5 синф ўқувчиси, 2002 йил 21 март кунида Тошкет шаҳрида туғилган. Унинг тасвирий санъатдга қўйган илк мустақил қадамлари 2012 йилда “Тошкент-Плаза” мехмонхонасида ўтказилган шахсий кўргазмаси бўлди.

Кейинчалик 2012 йилда “Янги авлод” кўрик-танловида қатнашиб, фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. 2013 йилнинг 25 март куни Юнусобод туманидаги мактабларда таълим олаётган болалар орасида ўтказилган олимпиадада фахрли      II ўринни қўлга киритди.

Ёш иқтидор эгаси Сагатова Камила жорий йилда халқаро кўрик-танловда ғолибликни қўлга киритди.

Муаллиф ижодида тафаккур тарзининг ўзига хослиги, яратилган асарлар йўналиши бетакрорлиги каби хислатлари унинг санътини бошқалардан ажратиб туради.

Ўз ўрнида, ёш мусаввирга ўзининг нафосатли санъати билан инсонлар қалбига илиқлик улашишишда давом этишини тилаб қоламиз.

Ушбу кўргазма бир ой давом этиб, кўргазмага коллеж, лицей ва мактаб ўқувчилари, “Меҳрибонлик” ва “Мурувват” уйлари тарбияланувчилари ташриф буюришади.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ушбу тадбирларни ташкил қилишда амалий ёрдам берган барча ҳамкорларга шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимларига ўзининг миннатдорчилигини билдиради.

Пресс-релизга ғолиблар рўйхати илова қилинади.

 

Javob berish