Бухоро шаҳрига 2014 йил 10-12 июн кунлари ташкил қилинган саёҳат ҳисоботи

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралда тасдиқланган ПҚ-2133-сонли “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг 114-банди ижросини таъминлаш ҳамда 2013-2014 ўқув йили болаларнинг ёзги таътил вақтларида дам олишларини мазмунли ҳамда қизиқарли тарзда ташкил этиш мақсадида алоҳида чора-тадбирлари режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда кўп болали ва кам таъминланган оилалар фарзандлари, “Меҳрибонлик” уйлари, махсус мактаб-интернатлари тарбияланувчилари ҳамда ногирон болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар бўйича тиббий, хайрия ҳамда маданий-маърифий йўналишларда бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.

Бу борада ёш авлодни маданий меросимизни асраб-авайлашга ўргатиш, тарихий қадамжоларга саёҳатни ташкил этиш, диққатга сазовор жойлар билан таништириш мақсадида, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлари билан ҳамкорликда 2014 йил январ ва апрел ойларида Самарқанд шаҳрига Тошкент шаҳри ва вилоятидаги “Меҳрибонлик” уйларининг жами 100 нафар тарбияланувчилари ҳамда 50 нафар Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи кам таъминланган ва кўп болали оила фарзандларининг саёҳатларини ташкил этган.

Ушбу хайрли ишларни давом эттириш мақсадида, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Бухоро вилояти ҳокимиятлари ҳамкорликда 2014 йилнинг 10-12 июн кунлари Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги “Меҳрибонлик” уйлари ҳамда Андижон ва Сирдарё вилоятларидаги Болалар шаҳарчаларининг жами 50 нафар тарбияланувчилари учун тарихий Бухоро шаҳрига бир кунлик (50 нафар тарбияланувчилар учун “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК томонидан бепул темир йўл чипталари ажратилди ва “Соғлом авлод учун” фонди томонидан болалар 3 маҳал иссиқ овқатлар билан таъминланди.) саёҳат ташкиллаштирди.

Дастлаб тарбияланувчиларни Бухоро темир йўл вокзалида кутиб олган Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Туйева Зульфия Назимовна, Бухоро вилояти “Соғлом авлод учун” фонди ҳудудий филиали директори Муборак Ахмедова ва Бухоро вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вакиллари ва бошқалар сафар давомида болажонларга ҳамроҳлик қилишди.

Саёҳат дастурига кўра тарбияланувчилар қадимий ва кўҳна Бухоронинг диққатга сазовор жойларини, тарихий обидаларини кўриш шарафига муяссар бўлишди. Дастлаб 2010 йил 1 сентябрда президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан бунёд этилган “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументида бўлишди. Монумент қаршисида туриб улуғ аждодларимизнинг нақадар буюк ишларни амалга оширганлигини гувоҳи бўлишди. Шундан сўнг болажонлар Баҳовуддин Нақшбандий мажмуа мақбарасини зиёрат қилишди. Кейин эса Бухоро амирининг ёзги ва қишки саройини томоша қилишди. Бу ердаги қадимий қадриятларимиз илдизи бўлмиш каштачилик, чилангарлик ва устачиликнинг ноёб услублари ҳамда кўринишлари билан яқиндан танишдилар.

Амирнинг ёзги саройи ҳисобланган Ситораи Мохи хосанинг мафтункор рангли нақшлари, 400 нафар қўли гул усталар томонидан 7 йил давомида қурилган бежирим безакли меъморий обидадаги ноёб санъатининг гувоҳи бўлишди. Бухоро шаҳрининг қадимий обидалари билан бирга шаҳар истироҳат боғида сайрни давом эттирган болажонлар қувноқ арғумчоқларда учишди. Саёҳатнинг сўнгида болажонлар Минорайи Калон ва Мир Араб мадрасаларида ҳамда Бухоронинг кўркини намойиш этувчи яна бир тарихий обида Лаби Ховуз ансамбли меъморий обидаларида ҳам бўлишди.

Саёҳат дастури якунланиб, бир олам таассуротлар билан Тошкентга қайтган болажонлар “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан яратилган бундай имкониятлардар чексиз миннатдор эканликларини изҳор этишди.

Саёҳат Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Давр” информацион дастури, “Машъал”, “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Тошкент”, “Орият доно” ва “ОриятФМ” радиолари, “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Правда востока”, “Ўзбекистон овози”, “Учитель Узбекистана”, “Соғлом авлод”, “Тошкент оқшоми”, “Оила ва жамият”, “Ишонч”, “Туркистон”, “Вечерний Ташкент” газеталари ҳамда www.uza.uz, darakchi.uz, www.uzdaily.com ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали ёритилди.

 

Мулоҳаза билдириш