Спортчиларимизнинг Жанубий Кореядаги ғалабалари

21.07.2014 13:28

Жанубий Кореяда таэквондо (WTF) бўйича ўтказилган мамлакат очиқ чемпионатида Ўзбекистон таэквондочилари муваффақиятли иштирок этишди.

Дунёнинг етмишдан зиёд давлатидан 2000 нафардан ортиқ спортчи қатнашган мусобақанинг кёруги йўналиши бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган баҳсларда спортчиларимиздан Ниёз Пўлатов, Саидолим Нўъмонов, Шаҳбоз Шофайзиев ўз вазн тоифасида барча рақибларини енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Давлатжон Давронов ва Нигора Турсунқулова бронза медаль билан тақдирланди.

– Нуфузли мусобақадаги ғалабамиз юртимизда ёшларнинг жисмонан ва маънан соғлом инсонлар бўлиб камол топиши, иқтидор ва истеъдодини намоён этиши учун яратилаётган кенг имкониятлар самарасидир, – дейди Саидолим Нўъмонов. – Ниятим 2016 йилда Бразилияда ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиб, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрўсини янада оширишга ҳисса қўшишдир.
Кадетлар ўртасидаги мусобақада Мадина Рўзиева иккинчи, Ирода Миртожиева, Абдураҳмон Зокиржонов ва Олег Тай учинчи ўринни эгаллади. Катталар ўртасида Никита Рафалович кумуш, Наталья Маматова бронза медални қўлга киритди.
Таэквондо “пумсе” йўналиши бўйича Мавлонжон Рустамов ва Нодирахон Шермуҳамедова олтин, Мафтуна Толипова кумуш, Баҳодир Аловхонов, Зафарбек Сатторов ва Машрабжон Бозорбоев бронза медалга сазовор бўлди.

 

ЎзА, Ж.Аҳмедов

 

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари