Юртни мадҳ этмоқ бахти

22.07.2014 11:49

Самарқандда Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллиги олдидан “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Президентимизнинг 2009 йил 7 апрелдаги “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танловини ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида ҳар йили мустақиллик байрами арафасида анъанавий тарзда ташкил этилаётган мазкур танлов халқимиз, айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш, она юртимиз – Ўзбекистон улуғланган бадиий юксак қўшиқлар яратишни рағбатлантириш, янги истеъдодларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Танловнинг вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси тизимидаги муассасалар ҳамда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси вилоят бўлими хонандалари иштирокидаги бу йилги туман, шаҳар босқичи ҳам юқори савияда ташкил этилиб, унда ғолибликни эгаллаган қирқ нафардан зиёд иштирокчи вилоят босқичида ўз иқтидор ва маҳоратини намойиш этди. Уларга баҳо беришда қўшиқ матнининг мазмуни, халқчиллиги, мусиқанинг оригиналлиги, ижрочининг саҳна маданияти ва маҳоратига алоҳида эътибор қаратилди.
Биринчи ўрин Самарқанд шаҳри вакиллари Марат Содиқов ва Фарангиз Шамсиевага насиб этди. Нарпай туманидан Хуршид Гадоев ва Самарқанд шаҳридан Нуриддин Баҳриев иккинчи, жомбойлик Динора Ҳусанова ҳамда булунғурлик Валижон Эрматов учинчи ўринни қўлга киритди.
– Кўплаб янги қўшиқлар ижро этган бўлсам-да, Ватан ҳақида куйлаш кишидан ўзгача масъулият ва маҳорат талаб қилишини бугун янада чуқурроқ ҳис қилдим, – дейди хонанда Хуршид Гадоев. – Юрт мадҳ этилган қўшиқ юракдан айтилсагина тингловчи қалбига етиб боради. Танловда “Бизга инон” қўшиғим билан қатнашдим ва у юқори баҳоланганидан хурсандман.
Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди ҳамда танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

 

ЎзА, Ғ.Ҳасанов

 

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари