Ягонасан, муқаддас Ватаним!

29.07.2014 12:37

Самарқанд вилояти шаҳар ва қишлоқларида ҳам мустақиллигимизнинг йигирма уч йиллиги олдидан “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида маънавий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Президентимизнинг шу йил 1 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилаётган давра суҳбатлари ва учрашувларда олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, сиёсатшунос олимлар, ижодкорлар, маънавият тарғиботчилари қатнашмоқда.

Пахтачи туманидаги Гулобод маҳалласида ўтказилган ана шундай тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Оқилжон Абдуазимов ва бошқалар мамлакатимизда мустақилликка эришиш арафасида юзага келган вазият, ундан чиқиб кетиш борасида давлатимиз раҳбари Ислом Каримов томонидан олиб борилган оқилона сиёсат, инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Бунинг натижасида мамлакатимиз иқтисодий қудрати мустаҳкамланиб, халқимиз турмуш даражаси юксалиб бормоқда. Шаҳар ва қишлоқларимизда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари бажарилаётир.
– Дунё эътироф этган тараққиётнинг «ўзбек модели» асосидаги ислоҳотлар самарасини бугун ҳар бир оила, маҳалла мисолида кўриш мумкин, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти проректори Ҳусниддин Норқулов. – Айниқса, қишлоқларимизда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган уй-жойлар, замонавий таълим, тиббиёт ва маданият масканлари, спорт иншоотлари кўзни қувонтиради. Бугун ушбу маҳаллада мини футбол майдони очилди. Фермер томонидан бунёд этилган бундай мажмуаларни илгари қуриб бўлармиди? Албатта, йўқ. Бунга ўхшаган мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Буларнинг барчаси мустақиллигимиз шарофати, Юртбошимизнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган доно сиёсатининг самарасидир.

 

ЎзА, Ғ.Ҳасанов

 

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари