Одоб ва меҳнатсеварликнинг илк сабоқлари

29.07.2014 18:22

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Халқ таълими вазирлиги ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда мактабгача таълим муассасаларидаги “Зумрадойлар давраси” тўгараги фаолиятини самарали тарзда йўлга қўйишга оид республика семинари ташкил этилди.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом, юқори интеллектуал салоҳиятли инсонлар этиб вояга етказиш, уларга пухта билим бериш, миллий анъана ва қадриятларимизга содиқлик руҳида камол топтириш масаласи таълим соҳасидаги ислоҳотлар жараёнида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Бугунги кунда юртимиздаги 4950 мактабгача таълим даргоҳига 581 мингдан ортиқ кичкинтой қатнайди. Бошланғич таълим бўйича тарбиявий-маърифий ишлар тизими давлат талаблари асосида амалга оширилмоқда. Ушбу талаблар бўйича ишлаб чиқилган «Болажон» мактабгача таълим таянч дастури амалиётга изчил татбиқ этилмоқда. Унда болаларнинг маънавий ва жисмоний камол топиши, ижтимоий-эмоционал ривожланиши, гигиена, ўқиш ва ёзишни ўрганиш ҳамда атроф-оламни тушунишга оид билимлар ўрин олган.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида мактабгача таълим масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни зарур услубий воситалар билан таъминлаш, тарбиячи ва мураббийларнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш, ушбу муассасаларга болаларнинг қамровини кенгайтириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу дастурда 3-6 ёшли қиз болалар маънавий-ахлоқий тарбиясини эрта бошлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида мактабгача таълим муассасаларида “Зумрадойлар давраси” тўгаракларини ташкил этиш белгиланган.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан мактабгача таълим масканларида шундай тўгараклар иши йўлга қўйилган. Халқ таълими вазирлигининг Мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш республика ўқув-методика маркази мутахассислари томонидан мураббийлар ва ота-оналар учун “Зумрадойлар давраси” номли ўқув-услубий қўлланма тайёрланди. Унда қизларда одоб-ахлоққа оид дастлабки кўникмалар, меҳнатсеварлик, ростгўйлик, камтарлик, хушмуомалалик, шахсий гигиенага риоя этиш каби хислатларни шакллантириш юзасидан зарур тавсиялар кенг ўрин олган.

– Муассасамиздаги 214 кичкинтойнинг ярмини қизлар ташкил этади, – дейди 262-мактабгача таълим муассасаси услубчиси Дилфуза Насруллаева. – “Зумрадойлар давраси” тўгараги фаолиятининг йўлга қўйилгани қизларнинг онгу шуурида озодалик, ўз саломатлиги учун масъулиятни ҳис этиш, катталарга ҳурмат каби тушунчаларни мустаҳкам қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ўқув машғулотида ушбу тўгарак фаолиятини самарали олиб бориш, ўтказиладиган машғулотларнинг йўналиш ва мавзулари, бу борадаги ижобий иш тажрибаси ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.

ЎзА, Назокат Усмонова

 

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари