Мавсумга ҳозирлик қизғин

Фарғонада куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг бориши, соҳада учраб турган айрим муаммоларни бартараф этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 1 июлда қабул қилинган иқтисодиётимиз тармоқларини 2014-2015 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида Фарғона шаҳрида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳардаги 1204 кўп қаватли уйларга 102 хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳамда 7 бошқарув компанияси хизмат кўрсатаётир. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида 78 кўп қаватли уйнинг том қисми, 70 дан ортиқ уйнинг иссиқлик тизими таъмирланди. Кўп қаватли уйларнинг совуқ сув ва оқова сув тизимини таъмирлаш, ертўлани тозалаш, ҳудудларни ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.

Таълим ва тиббиёт муассасаларида иссиқлик тизимлари таъмирланиб, кўмир захираси яратилмоқда. Табиий газ таъминоти етарли бўлмаган хонадонларни суюлтирилган газ билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилаётир.

Йиғилишда шаҳардаги иқтисодиёт тармоқларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш, кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини мавсумга тайёрлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, ҳали-ҳамон учраб турадиган айрим камчиликлар муҳокама этилиб, тегишли тадбирлар белгиланди.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

ЎзА, М.Сулаймонов

 

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари