Нафосат ва гўзаллик фестивали якунланди

НО УзАПойтахтимиздаги Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабида Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди кубоги учун “Нафосат олами” IV спорт фестивали бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаларидан бири сифатида болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, хотин-қизлар ўртасида спортни янада оммалаштириш йўлидаги эзгу ишлар самарасида спортнинг қизларга мос бўлган нафис турлари ҳам жадал ривожланмоқда.

Бунда турли мусобақалар ва спорт фестивалларини ўтказиш муҳим аҳамият касб этади. «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур спорт фестивали ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади. Унда икки юз эллик нафар қиз синхрон сузиш, сузиш, сувга сакраш, бадиий ва спорт гимнастикаси, спорт рақси бўйича ўзаро куч синашди.

Фестивалнинг синхрон сузиш баҳсларида А.Морозова, И.Ли, З.Тошхўжаева, Т.Кострева, Н.Расулова, В.Нуштаева ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. Синхрон сузиш ва сузиш бўйича ўтган жамоавий баҳсларда 23-болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактаби вакиллари биринчи ўринни эгаллади.

Спорт рақси бўйича ўтказилган мусобақада М.Макаров ва Л.Қўчқорова, А.Раимжонов ва К.Мирзааҳмедова, В.Пак ва Ю.Лигай, Д.Ли ва А.Ягфарова жуфтликлари ўз ёш тоифасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

 

 

Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА 

Javob berish