Она Ватан тарихи” шиори остида “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат

“Соғлом авлод учун” фонди Ўзбекистон Республикаси Президентимиз томонидан 2016 йил 9 февралдаги ПҚ-2487-сонли тасдиқланган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида ҳамда 2015-2016 ўқув йилларининг баҳорги таътил вақтида дам олишларини мазмунли ҳамда қизиқарли тарзда ташкил этиш мақсадида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини (кўп болали ва кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва ҳ.к.ларни) “Меҳрибонлик” уйлари, махсус мактаб-интернатлари тарбияланувчилари, ногирон болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар бўйича хайрия ва маданий-маърифий йўналишларда бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.

Бу борада ёш авлодни маданий меросимизни асраб-авайлашга ўргатиш, тарихий қадамжоларга саёҳатни ташкил этиш, диққатга сазовор жойлар билан таништириш мақсадида, фонд ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан бир қатор тадбирлар ўтказилиб унда болалар ва қизлар жалб этилди.

Ушбу хайрли ишларни давом эттириш мақсадида, “Соғлом авлод учун” фонди (2 маҳал иссиқ овқат билан таъминландилар) “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ (100 дона бори-келиш темир йўл чипталари бепул ажратилди) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирликлари билан ҳамкорликда 2016 йилнинг 25 март куни Тошкент шаҳридаги 21, 22 ва 23-сонли “Меҳрибонлик” уйларининг жами 50 нафар тарбияланувчилари учун тарихий Самарқанд шаҳрига бир кунлик (бепул) саёҳат ташкиллаштирилди. Саёҳат давомида болажонлар Регистон майдони, Самарқанд тарихи музейи, Гўри Амир мақбараси билан танишадилар.

Ушбу тадбир болажонларнинг мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги арафасида ташкил этилганлиги, болажонларнинг Ватанга бўлган муҳаббат ва миллий ғурур туйғусини шакллантириш, буюк боболаримиздан қолган меросларни асраб-авайлаш каби мақсадларга эришишга туртки бўлди.

Президентимизнинг “Савоб ишни ҳар ким ҳар куни қилиши керак” деган сўзларида олам-олам маъно мужассам. Дарҳақиқат, бирор бир инсоннинг кўнглини кўтариш, қўлдан келганча ёрдам бериш ҳақиқий инсоний фазилатдир. Агар бу кўнгил эндигина дунёни англаётган, мурғак қалб бўлса-чи? Унда болаларнинг кўзларидаги қувончни кўриб бу дунёда яшамоқнинг маъносини англагандек бўлади киши.

“Соғлом алвод учун” фонди ҳам ана шу нақлга амал қилган ҳолда фаолият олиб боради, ҳамда ана шу эзгу мақсад йўлида ҳамкорлик қилаётган барча ташкилотларга, хусусан тадбир ёритилишида амалий ёрдамини аямаган оммавий ахборот воситалари вакилларига ўзининг самимий миннатдорчилигини билдиради.

Javob berish