Бемор болалар Кореяда соғломлаштирилмоқда

"Соғлом авлод учун" фонди бир қатор халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Ҳукуматимиз қарорлари ҳамда Давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида бемор ва ногирон болаларни соғломлаштиришда қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Мазкур йўналишда Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Корея Республикасининг Пундан Ча Университети госпитали, Ин Ха Университети госпиталларида туғма юрак нуқсони, терининг куйишдан кейинги асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан оғриган Ўзбекистонлик бемор болаларни бепул соғломлаштирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 февралдаги ПҚ-2487-сонли Қарори билан тасдиқланган “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг 20-бандига мувофиқ, болаларни республика клиникаларида ва тиббиёт марказларида ҳамда чет элда соғломлаштириш, шу жумладан: туғма юрак нуқсонлари билан туғилган болаларни соғломлаштириш ва тезкор даволаш борасидаги ишларда “Соғлом авлод учун” фондининг алоҳида ўрни бор.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг узоқ йиллардан ҳамкорлик қилиб келадиган асосий ва ишончли ҳамкорларидан бири Корея Республикасининг “Junior Chamber International – JCI” халқаро ёшлар ташкилоти вакиллари ва Ча университети қошидаги Пундан Ча Госпитали ҳисобланади.

Фонднинг “Junior Chamber International – JCI” халқаро ёшлар ташкилоти билан 2008-2015 йиллардаги ҳамкорлиги давомида Ча Университети қошидаги Пундан Ча Госпиталида хайрия йўли билан жами 56 нафар Ўзбекистонлик болалар жаррохлик амалиёти ўтказилиши билан соғломлаштирилди.

Ушбу хайрли ишларни давом эттириш мақсадида, 2016 йил 25 май куни Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида Корея Республикасининг “Junior Chamber International – JCI” ва Ча университети қошидаги Пундан Ча Госпитали малакали шифокорлари ташриф буюришиб, жами 27 нафар туғма юрак нуқсони ташхисли бемор болаларни умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишди.

Жорий йилги тиббий кўрик натижаларига кўра, оғир деб топилган бемор болаларнинг 4 нафари 2016 йилнинг 25 июл куни Тошкент халқаро аэропортидан Корея Республикасининг нуфузли клиникаларида соғломлаштириш учун фонд вакили ва кузатувчилар билан биргаликда жўнаб кетди. Ушбу болалар 2016 йилнинг 5 август куни Тошкент халқаро аэропорти орқали Корея Республикасидан соғломлаштирилиб юртимизга қайтиб келишади.

 

 

Javob berish