“САЛОМАТЛИК” поезди олис манзиллар сари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 мартдаги 01-07/1-655-сонли “2018 йилги “Наврўз” умумҳалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалалари тўғрисида”ги мажлиси баёни 1-иловаси 20-бандида кўрсатилган Республиканинг экологик жиҳатдан ноқулай минтақаларида яшовчи Навоий вилояти аҳолиси учун “Саломатлик” поездини ташкил этиш йўли билан чекка туманларда яшовчиларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун “Соғлом авлод учун” фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан ҳамкорликда 2018 йилнинг 21-29 март кунлари Тошкент – Тинчлик – Конимех – Қора-қата – Мустақиллик –  Қизилқудуқ – Бузаубай – Учқудуқ II – Тошкент йўналишида “Саломатлик” поезди ташкил этилмоқда.

     Маълумот ўринида айтиб ўтиш жоизки, 2017 йил 21-29 март кунлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари учун Тошкент – Сариосиё – Қумқўрғон – Бойсун – Дарбанд – Оқрабод – Деҳқонобод – Қарши – Тошкент йўналишида ҳамда 19-27 апрел кунлари Навоий вилоятининг чекка ҳудудларига Тошкент – Тинчлик – Конимех – Қора-қата – Мустақиллик – Аджибугут – Қизилқудуқ – Бузаубай – Учқудуқ II – Тошкент, 2017 йил 16-28 май Қорақалпоғистон Республикаси учун Тошкент – Қорақалпоғистон – Жаслиқ – Мискин – Тўрткўл –Тошкент йўналишларида “Саломатлик” поездлари ташкил этилди. Ушбу “Саломатлик” поездларининг мутахассислари томонидан 5 586 нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик билан бир қаторда “Саломатлик” поездининг фаолияти давомида вилоятдаги 56 та тиббий ва ижтимоий муассасаларга шунингдек, 5 970 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли равишда озиқ-овқат пакетлари (1 500 дона) ҳамда тиббий кўриклардан ўтган аҳолига алоҳида кийим-кечак, дори-дармон, витамин, тиббиёт жиҳозлари, санитария-гигиена воситаларидан иборат жами 32 млрд. 933 млн. сўмлик инсонпарварлик ёрдами тарқатилди.

     Навбатдаги “Саломатлик” поезди учун “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан махсус вагонлар тақдим этилиб, юқори малакали шифокорлар гуруҳи аҳолига зарур тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида 2018 йил 21 март куни соат 18:00 да Тошкент Марказий вокзалидан йўлга чиқди. Ушбу малакали шифокорлар билан бирга жойларда фонднинг Навоий вилояти кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси ходимлари ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Ушбу инсонпарварлик ёрдами умумий қиймати 500 млн. сўмга яқин озиқ-овқат, кийим-кечак, оёқ кийимлар ҳамда дори-дармон, тиббиёт анжомлари, тиббиёт жиҳозлари, санитария-гигиена воситалари ва ногиронлик аравачаларидан иборат мурувват ёрдамларидан ташкил топган.

     Мазкур поезд ўз режаси давомида бориши кўзда тутилган Тинчлик, Конимех, Қора-қата, Мустақиллик, Қизилқудуқ, Бузаубай ва Учқудуқ II станцияларининг яқин ҳудудларидан ташқари фонднинг Навоий вилояти ҳудудий филиали кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси орқали ҳудуддаги марказий шифохоналар, вилоят болалар ва туғруқ комплексларига ҳамда кўзи ожиз, ақли заиф ва кар-соқов болалар махсус мактаб интернатларига ўз ёрдамини кўрсатиши режалаштирилган.

     Тадбирдан кўзданган асосий мақсад экологик жиҳатдан ноқулай шароитда истиқомат қилувчи аҳолини айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, шунингдек, чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ҳамда мурувват ҳаракатини ривожлантириш ишига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш.

     Тадбир ҳомийлари: ГФРнинг “Friedensdorf International” ва “Tovarish-Hilfe fuer kinder” ташкилотлари, АҚШнинг “Resource and Policy Exchange”, “AmeriCares”, “Toms Shoes” ташкилотлари, “Jahon invest plast” МЧЖ, AGRO BIO KIMYO МЧЖ,“NAVRO`Z-PTK” МЧЖ ва бошқалар.

     “Соғлом авлод учун” фонди ушбу хайрия тадбирини амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга ҳамда оммавий ахборот воситаларига ўз миннатдорчилигини билдиради.

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари