“Ҳар бир фарзандга меҳр, эътибор!” хайрия акцияси

“Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” биринчи халқаро байрамлардан бири бўлиб, уни ўтказиш ҳақидаги қарор 1949 йили Халқаро аёллар демократик федерациясининг махсус сессиясида қабул қилинган. Байрам сифатида эса 1950 йилдан бери нишонланиб келинади. 1989 йили “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция” қабул қилинади. Бу қонун ҳужжати 1990 йилдан кучга кирди. Шуни айтиш лозимки, мамлакатимизда ҳар бир болага алоҳида эътибор берилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07-20-7-сонли 4 май 2007 йилдаги топшириғига биноан “Ўзбекистонда болалар фаровонлигини таъминлаш бўйича Ҳаракат Дастури” ва бошқа қонун ҳужжатлари болаларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларнинг баркамол бўлиб вояга етишларига қаратилгандир. Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов таъкидлаганидек, “Соғлом авлодни тарбиялаш барчанинг, бутун жамиятнинг, шу юртда яшайдиган ҳар бир инсоннинг асосий иши, инсоний бурчидир”.

“Соғлом авлод учун” фонди баркамол авлод тарбияси, истеъдодли ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, ота-она меҳридан бебаҳра болаларга меҳр кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. 1 июн “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишлаб қатор тадбирларни амалга оширмоқда. Бу каби тадбирлар ўзига хос сарҳисоб бўлиб, нафақат байрам арафасида, балки йил давомида ўтказилади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан
2018 йил 19 майдаги 14/1-220-сонли тасдиқланган 1 июн Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Ҳар бир болага меҳр, эътибор” шиори остида махсус ҳафталикни ташкил этиш тўғрисидаги мажлис баённомаси ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йилнинг 2 июн куни соат 09:00 дан 13:00 гача “Соғлом авлод учун” фонди, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Республика “Сен ёлғиз эмассан” болалар жамоатчилик жамғармаси, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳокимликлари ҳамкорликдаги анъанавий тадбирлардан бири “Меҳрибонлик” уйлари тарбиланувчилари учун Тошкент шаҳридаги “Тошкент-Ленд” болалар истироҳат боғида хайрия тадбирини ўтказди. Байрам тадбирида Тошкент (14 ва 15-сонли “Меҳрибонлик” уйлари) ва Сирдарё (Гулистон болалар шаҳарчаси) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги (21, 22, 23 ва 30-сонли “Меҳрибонлик” уйлари ва SOS O`zbekiston Bolalar mahallalari) жами 1 000 нафардан ортиқ “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ва Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари тизимида ўз хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун барча кўнгилочар атракционлар бепул ташкил этилади. Ҳомийлар (Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан ичимликлар ва Тошкент вилояти ҳокимияти томонидан эса музқаймоқлар) томонидан бепул музқаймоқлар ва салқин ичимликлар берилди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бу йўлда фаолият юритаётган ҳамда ўз фаолиятига кўмакдош бўлаётган барча-барчага беқиёс миннатдорчилигини изҳор этади.

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари