Кореянинг яна бир халқаро ташкилоти «Соғлом авлод учун» Фонди билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда

Корея Республикасининг  Сеул шаҳридан ташриф буюрган KODDI (Korea Disabled People’s Development Institute) халқаро ташкилоти 14 декабрь куни «Соғлом авлод учун» Фондида бўлишиб, фонднинг 26 йиллик фаолияти давомида она ва бола соғлиғини мустаҳкамлашга, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга ва республикада соғлом авлодни тарбиялашга йўналтирилган вазифаларни ҳал этишдаги ҳамда Фонднинг асосий вазифаларидан бўлган – соғлом, баркамол ёш авлодни шакллантиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларини, давлатнинг она ва бола соғлиғини мустаҳкамлашга, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига, энг аввало, кўп болали оилалар, аёллар, ногиронлар, ногирон болалар ва болалар уйлари, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига, «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларида, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида яшовчи шахсларга мурувват ёрдами кўрсатиш ҳамда она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни тайёрлаш ишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш борасида қандай ишлар амалга оширилаётганлиги билан қизиқишди.

Уларни қизиқтирган саволларга Фонд бошқаруви раиси С.Т.Инамова асослар билан жавоб қайтарар экан, Фонд Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилот ва идоралари, шунингдек, маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари билан кенг миқёсда ишлар олиб борилаётганини таъкидлаб, жумладан шундай деди:

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий патронаж тизимини ташкил этиш” тўғрисидаги 71-сонли қарори билан ташкил этилган “Соғлом авлод учун” фондининг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари ҳар бир оила, чекка қишлоқ ва аҳоли пунктларидаги оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ва тиббий жиҳатларини мониторингини олиб боришмоқда. Кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари орқали шу йилнинг ўзида жами республика бўйича маҳаллалардаги  135 598 нафар аҳоли, шундан, 80 359 нафар аёллар, 48 970 нафар болалар, 18 357 нафар ўсмирлар тиббий кўриклардан ўтказилди. Бундан ташқари “Ўзбекистон темир йўллари” ДАЖ кўмагида 2018 йил 9 ойи давомида  4 та “Саломатлик ” поездлари Андижон, Навоий,  Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига ташкил этилди. “Саломатлик” поездлари орқали жами 58 млрд. 488 млн. сўмлик инсонпарварлик ёрдамлари етказилиб, 10456 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди.

Шундан сўнг, KODDI халқаро ташкилоти вакили Ю Ёнг Юн хоним Фонднинг Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги борасида, улар қилаётган мурувват ёрдамлари, шунингдек, бир қатор Халқаро хайрия ташкилотлари ҳомийлигида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари орасидан танлаб олинаётган ва Фонд кўмагида юртимизда ва хорижда бепул операция қилиниб, соғайиб, бугунги кунда ўз ота-оналари бағрига эсон–омон қайтарилган болаларнинг ҳолати, уларга Фонд томонидан кўрсатилаётган эътибор ва мурувватларни кўриб, хурсанд эканлигини, бу каби эзгу ишларга KODDI халқаро ташкилоти ҳам ўз ҳиссасини қўшиш умидида эканлигини ва ўзини қизиқтирган бошқа саволларга жавоб олди.

Шунингдек, меҳмонлар билан ҳозирги кунда долзарб бўлиб қолаётган реабилитация борасида Фонд билан ҳамкорлик масалалари келишиб олинди.

Фонд бошқаруви раиси С.Т.Инамова:

– Келгусида Фонднинг ҳамкорлари яна биттага кўпайишига ишонамиз ва Сизларни биз билан ҳамкорлик қилишингиз борасидаги таклифларингизни мамнуният билан қабул қиламиз, – дея таъкидлаб, Хайрия ташкилот вакилларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

 

Зеро “Соғлом Она ва бола – миллат таянчи”.

Шундай экан,  Она ва болани эъзозлаш ишига барчамиз масъулмиз.

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари