«Аёл ва Олам» номли шахсий фотосуратлар кўргазмаси

Маълумки, “Соғлом авлод учун” фонди томонидан фотография асарларининг қатор кўрик-танловлари ва кўргазмалари ўтказилиб келинмоқда. Шулар қаторида Халқаро миқёсда эътироф этилган ижодкорлар асарлари кўргазмалари ҳам ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар вакилларининг ўзаро ҳамкорлиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда «Xinjiang Asia-Europe International Material Trade Center Co., Ltd» компанияси (Хитой) билан ҳамкорликда Тошкент Фотосуратлар уйида Хитой Халқ Республикасининг таниқли фотосуратчиси Лэй Тао хонимнинг «Аёл ва Олам» деб номланган фотокўргазмаси ташкил этилди.

Кўргазмада рассомнинг, асосан, табиат манзарасига бағишланган асарлари тақдим этилган. Ёрқин рангларга бой асарларда жонажон табиатнинг гўзал ва бетакрор манзараси: виқорли тоғлари, кенг далалари, ҳайвонот  олами ва парранда-даррандалари ифодаланган.

Лэй Тао хоним ҳаёти ва ижоди ҳақида:

1972 йил 10 ноябрда Хитой Халқ Республикаси Инон Суар шаҳрида дунёга келган. Болаликдан фотография, от спорти билан қизиқиб, ҳар иккаласида ҳам шуҳрат топган. Ҳар ерга сафарда бўлганида  фотоаппарат унга ҳамроҳ бўлган. Тянь-Шян тоғи чўққилари, Гоби ва Такламакон чўққилари, Лобнор тузли ўлкалари, Синьцзяннинг ўзига хос табиатини қайта-қайта суратга олишдан чарчамаган. Шунингдек, у Хитойнинг тоғли халқларида сақланиб қолган удум ва анъаналарни ҳам тасвирга олган. Бу иқтидорли аёлнинг яна бир қизиқиши ноёб, табиий тошларни қидириб топишдир. У қимматбаҳо тошлар коллекциясига ҳам эга.

Ижодкор ўз асарлари билан Хитой ва халқаро кўргазмаларда мунтазам иштирок этиб келмоқда.

2012 йилда унинг кашфиёти “Xinyuan Miracle Stone” кўргазмасида ғолиб бўлган. 2014 йилда унинг коллекцияси қимматбаҳо тошлар фестивалида олтин ва кумуш медалларни қўлга киритган.

Иқтидорли аёл ҳар нарсада қобилиятини намоён эта олади. Велосопедга бўлган қизиқиши уни Хитой ва халқаро велоспорт турнирларида ғалаба қозонишига сабаб бўлди. Лэо Тао Хитой Халқ Республикасининг 2017 йилги аёллар терма жамоасининг аъзоси.

2004 йил ноябрь ойида у ўз этно-санъат ресторанига асос солган. 2011, 2012, 2013-йилларда Лэо Тао Ининнинг тадбиркор аёллар ўнталигига кирган.

Лэй Тао хоним доимий изланишда, бу унинг асарларидаги колоритнинг динамик ёрқинлиги кескин ўзгарувчанлигида сезилади.

Муаллифнинг ижодида дадиллик, қатъиятлик ва янги марраларни эгаллашга бўлган улкан шижоат сезилиб туради. Унинг изланишларида тафаккурининг ўзига хослиги, йўналишининг бетакрорлиги кузатилади ва бу билан у бошқалардан ажралиб туради.

“Соғлом авлод учун” Халқаро хайрия фонди ушбу шахсий кўргазмани ташкиллаштиришда кўмаклашган барча ташкилотчиларга, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимларига ўзининг чуқур миннатдорчилигини изҳор этади.

Javob berish