Тошкентда Ўзбекистондаги овқатланиш билан боғлиқ касалликлар бўйича анжуман очилди

Америкалик тадқиқотчилар овқатланишнинг миллат соғлиги учун нечоғлик аҳамиятга эгалигини муҳокама қилишмоқда

 

Бугун Тошкентда овқатланиш масалалари бўйича халқаро анжуман очилди. Уни Орегон саломатлик ва фан университети, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” ХКБХХФ ташкиллаштирди. АҚШ элчихонаси тақдим этган грант америкалик тадқиқотчилар, юқори лавозимли мулозимлар, тиббий-ўқув муассасалари ва нодавлат нотижорат ташкилотларга бир жойга йиғилиб, овқатланишга оид энг янги билимларнинг аҳамияти, уларнинг Ўзбекистон аҳолиси умумий саломатлик ҳолатини яхшилашда асқотиши масаласини муҳокама қилишга имкон берди. Бутун дунёга таниқли олимлар овқатланишнинг семириш, қандли диабет, юрак касалликлари келиб чиқишига, шунингдек, бир авлоднинг овқатланиши келгуси авлодларнинг соғлигига қандай таъсир кўрсатиши борасида энг сўнгги билимларни тақдим этади.

 

Соғлом овқатланишнинг ўсмир қизлар ва туғиш ёшидаги аёллар учун аҳамиятини кўрсатиш тадбирнинг асосий мавзуси саналади. Унда британиялик марҳум шифокор ва тадқиқотчи Дэвид Баркернинг “Она қорнидаги ҳомила озиқланиши” китобининг русча нашри тақдимоти ҳам бўлади.

 

“Овқатланиш узоқ муддатли саломатликни таъминлашдаилгариги тушунчага қараганда анча аҳамият касб этади. Тадқиқотларга кўра, ҳомиладорликдан аввалги ва ҳомиладорлик вақтидаги, эмизиш ва ҳаётнинг биринчи йилларидаги овқатланиш катталарда сурункали касалликлар ривожланиши хавфини аниқлашда муҳим роль ўйнайди”,- деди асосий маърузачи, Боб ва Чарли Мур номидаги овқатланиш ва саломатлик институти директори, доктор Кент Торнбург.

 

Анжумандан кўзланган мақсад шундай воситаларни топишки, улар ёрдамида илм-фаннинг соғлиқни сақлаш ва ўқув амалиёти соҳасидаги сиёсатга таъсир кўрсата олишига эришиш, шу тариқа мамлакат соғлигига узоқ муддатли ижобий таъсир кўрсатишни таъминлаш ҳамда Ўзбекистонни соғлом миллатни қандай яратиш мумкинлигини тушунувчи ва амалда қўлловчи етакчи давлатга айлантиришдан иборат. 

 

Яқинда Саломатлик кўраткичлари ва баҳолаш институти нашр этган “Касалликнинг глобал юки” номли тадқиқотда кўрсатилишича, Ўзбекистон нотўғри овқатланиш туфайли ўлим ҳолати юқорилиги бўйича Европа мамлакатлари рўйхатлари бошида туради. 1990 йилдан 2006 йилгача, Ўзбекистонда юрак-қон томир касалликларидан вафот этганлар сони Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақасидаги қолган барча 51 та мамлакатдагидан ҳам кўп бўлган. Бундай ўлим ҳолатлари эса овқат таркибида натрий миқдори юқорилиги, дон камлиги, оқ ундан тайёрланган маҳсулотлар кўплиги сабабли юзага келган. 

Javob berish