“Камалак жилоси” Республика расмлар кўрик -танлови

“Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, ақлан етук, жисмонан бақувват этиб тарбиялаш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди кенг доирадаги тадбирларини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили“да амалга оширишга оид Давлат дастури ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар вакилларининг ўзаро ҳамкорлиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда «ГУАНМИНЬ ЮНЬНАНЬ» компанияси (Хитой) катта хисса қўшиб келмоқда.

Ҳар йили мунтазам равишда ўтказилиб келинаётган Республика “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ўртасидаги анъанавий “Камалак жилоси” расмлар кўрик-танлови бунииг яққол мисолидир. Ушбу танлов “Соғлом авлод учун” халкаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий Академияси, Республика “Сен ёлғиз эмассан” болалар жамоатчилик жамғармаси билан ҳамкорликда ўтказилди.

Маълумки, “Камалак жилоси” расмлар кўрик-танлови 1997 йилдан буён ўтказилиб, болаларни санъат ва маданиятга бўлган қизиқишларини янада оширишга, иктидорли ёшларни аниқлашга, уларда тасвирий санъат ва бадиий ижодга бўлган қизиқиш ва эътиборини мустаҳкамлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Мазкур танлов бу йили ҳар доимгидан ҳам ўзгача руҳда ўтди. Ўтган йиллар давомида танловда иштирок этиб санъат хусусан, рассомчилик санъатига меҳр кўйган болажонлар бугун жамиятимизнинг муносиб аъзоларига айландилар. Меҳр ва иштиёқ билан қайсидир маънода санъат асарларини яратган жажжи қўлчалар бугун жамиятимиз, Ватанимиз ривожи учун меҳнат килмокда.

Ушбу кўрик-танловда Республикамиздаги “Меҳрибонлик” уйларининг 1500 нафар тарбияланувчилари иштирок этиб, вилоят боскичларида ғолиб деб топилган 100 дан ортиқ акварел расмлар ва 80 дан ортиқ амалий санъат асарлари мазкур кўрик-танловнинг якуний босқичига тақдим этилди ва ҳайъат аъзолари томонидан тасвирий асарлар йўналишида 4 ёшдан 10 ёшгача бўлган иштирокчилардан 3 нафар (1, 2, 3 ўринлар); 11 ёшдан 16 ёшгача бўлган иштирокчилардан 3 нафар; амалий санъат асарлари йўналишида, 4 ёшдан 10 ёшгача бўлган иштирокчилардан З нафар (1, 2, 3 ўринлар); 11 ёшдан 16 ёшгача бўлган иштирокчилардан 3 нафар жами 12 нафар ғолиблар ҳамда 7 та номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Танлов ғолиблари тўғрисидаги маълумот илова қилинади.

2019 йил 7 октябр куни соат 11:00да Тошкент фотосуратлар уйи (Миробод тумани Истиқбол кўчаси 4-уй, мўлжал: Амир Темур ҳиёбони)да республика “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ўртасида “Хитой менинг тассавуримда” шиори остида “Камалак жилоси” Республика расмлар кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. 70 та танлаб олинган расмлар Хитой Халқ Республикасига юборилди ва Хитой Халқ Республикаси томонидан “Соғлом авлод орқали” қимматбахо совғалар топширилди.

Танлов кўргазмаси якунида ҳайъат аъзолари томонидан аниқланган “Камалак жилоси” Республика расмлар кўрик-танлови ғолиблари ва совриндорлари “Соғлом авлод учун” фонди, “Сен ёлғиз эмассан” жамғармаси кимматбаҳо совғалар ва дипломлар билан тақдирланадилар.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ўз ҳамкорларига ва оммавий ахборот воситалари ходимларига ўз миннатдорчилигини билдиради.

Javob berish