“САЛОМАТЛИК” поезди олис манзиллар сари

Навбатдаги “Саломатлик” поезди учун “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК томонидан махсус вагонлар тақдим этилиб, юқори малакали шифокорлар гуруҳи аҳолига зарур тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида 22 март куни соат 16:50 да Тошкент шимолий вокзалидан йўлга чиқди. Ушбу малакали шифокорлар билан бирга жойларда фонднинг Навоий вилояти тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси ходимлари ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Ушбу инсонпарварлик ёрдами 62,5 млн. сўмлик озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда умумий қиймати 695,5 минг АҚШ долларига тенг бўлган дори-дармон ва тиббиёт анжомлари, санитария-гигиена воситаларидан иборат мурувват ёрдамларидан ташкил топган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги ПҚ-2133-сонли Қарори билан тасдиқланган “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг 24-бандида кўрсатилган чекка ҳудудлардаги ва бориш қийин бўлган туманлар аҳолисини тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари томонидан чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга манзилли мурувват ёрдамини кўрсатиш, Республиканинг экологик ноқулай ҳудудлари аҳолисига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК биргаликда Навоий вилоятининг чекка ҳудудлари аҳолиси учун Тошкент – Навоий – Тинчлик – Конимех – Қара-қата – Мустақиллик – Қизилқудуқ – Бузаубай – Учқудуқ II – Тошкент йўналишидаги “Саломатлик” поезди 2014 йил 22 март – 1 апрел кунлари ташкил этилди.

Маълумот ўринида айтиб ўтиш жоизки, 2013 йил давомида Навоий, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига 3 маротаба “Саломатлик” поездлари ташкил этилган эди. Ушбу “Саломатлик” поездларининг мутахассислари томонидан     4 366 нафар фуқаро чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик билан бир қаторда “Саломатлик” поездининг фаолияти давомида вилоятдаги 60 та тиббий ва ижтимоий муассасаларга шунингдек, 10 049 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли равишда озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, санитария ва гигиена воситалари жами 176,3 млн. сўмлик инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди, бундан ташқари 711,4 минг АҚШ долларига тенг витамин, кийим-кечак, тиббиёт жиҳозлари, дори-дармон ва санитария-гигиена воситалар тарқатилди.

Мазкур поезд ўз режаси давомида бориши кўзда тутилган Навоий, Тинчлик, Конимех, Қара-Қата, Мустақиллик, Қизилқудуқ, Бузаубай ва Учқудуқ II станцияларига яқин ҳудудларидан ташқари фонднинг Навоий вилояти ҳудудий филиали Тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси орқали ҳудуддаги марказий шифохоналар, вилоят болалар ва туғруқ комплексларига ҳамда кўзи ожиз, ақли заиф ва кар-соқов болалар махсус мактаб интернатларига ўз ёрдамини кўрсатиши режалаштирилган.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – экологик жиҳатдан ноқулай шароитда истиқомат қилувчи аҳолини айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, шунингдек, чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ҳамда мурувват ҳаракатини ривожлантириш ишига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш.

Тадбир хомийлари: АҚШнинг “Ameri Cares” ва “Toms Shoes” халқаро ташкилотлари, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, «Diva-teks» МЧЖ, «Braibanti tecnology» МЧЖ, «Дори-дармон» АК, «Jahon invest plast» МЧЖ, «Remedi» МЧЖ ҚК, «Diyor biznes» МЧЖ, «Nestle-Uzbekistan» МЧЖ ҚК ва бошқалар.

“Соғлом авлод учун” фонди ушбу хайрия тадбирини амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга ҳамда оммавий ахборот воситаларига ўз миннатдорчилигини билдиради.

 

Javob berish





Ойнинг машҳур мақолалари