Соғломлаштириш дастури амалда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги ПҚ-2221-сонли “Ўзбекистонда аҳоли репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш Давлат дастури тўғсида”ги Қарорига мувофиқ, болаларни республика клиникаларида ва тиббиёт марказларида ҳамда чет элда соғломлаштириш, шу жумладан: ногирон болаларни Германия клиникаларида тезкор даволаш; кам таъминланган оилалардаги юқори лаб ва қаттиқ танглайнинг туғма нуқсонлари бўлган ва оёқларнинг туғма нуқсонлари (маймоқлик) ва бўйин қийшайиши билан боғлиқ туғма ортопедик касалликларга чалинган болаларни тезкор даволаш, куйишнинг асоратлари бўлган болаларни пластик операциялар қилиш борасидаги ишларда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг алоҳида ўрни бор. Фонд оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, кам таъминланган оилалардаги бемор болаларни ижтимоий ва тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида муҳим ишларни амалга ошириб келмоқда. Шу мақсадда, Фонд томонидан бемор болаларни чет эл нуфузли клиникаларида даволаш учун махсус дастур ишлаб чиқилган.

2002 йилда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти томонидан уч томонлама ҳамкорлик битими имзоланган эди. Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти 1967 йили ташкил топган бўлиб, 35 дан ортиқ давлатлар билан ўзаро хамкорлик қилади. Ҳамкорлик доирасида 12 ёшгача бўлган бемор ва ногирон болаларни даволаш ва реабилитация қилиш билан шуғулланадилар.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки 2014 йилнинг 3-10 апрел кунлари Германиялик мутахассислар томонидан республикамиз ҳудудларидаги жами 500 нафарга яқин бемор болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, 40 нафар бемор болаларнинг ҳужжатлари Германия клиникаларида даволаш учун танлаб олинган эди.

Шунингдек, жорий йилнинг 12 феврал куни эса Тошкент Халқаро Аэропортидан 13 нафар бемор болалар Германия клиникаларида даволаниш учун Германияга жўнаб кетишиб, ўтган йиллар давомида Германияга даволаниш учун жўнатилган 13 нафар бемор болалар даволаниш курсларини ўтаб, 16 феврал куни соғломлаштирилиб юртимизга қайтишди.

Ушбу ҳамкорликнинг давоми сифатида жорий йилнинг 18-25 июн кунлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 26 майдаги №10/103-128-сонли тасдиқланган Дастури доирасида Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти мутахассислари 19-20 июн кунлари Фонднинг тиббий-ижтимоий маркази (Юнусобод тумани Ш.Рашидов кўчаси 94а-уй)да Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридаги бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм (21 июн куни – Бухоро шаҳри вилоят кўптармоқли болалар тиббий марказида), Қашқадарё ва Сурхондарё (22 июн куни – Қарши шаҳри вилоят кўптармоқли болалар тиббий марказида), Самарқанд (23 июн куни – Самарқанд шаҳри вилоят кўптармоқли болалар тиббий марказида), Жиззах ва Сирдарё (24 июн куни – Жиззах шаҳри вилоят кўптармоқли болалар тиббий марказида) вилоятларидаги бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик натижаларига кўра энг оғир деб топилган бемор болалар жорий йилнинг август ойида Германиянинг нуфузли клиникаларида даволаниш учун 6 ойдан 3 йилгача бўлган вақтга жўнатилади.

“Соғлом авлод учун” фонди ана шундай хайрли ишларни ташкил этишида яқиндан ёрдам бераётган барча хомий ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ходимларига ўз миннатдорчилигини билдиради ва келажакдаги ҳамкорликка чорлайди.

Javob berish