Ҳарбийларнинг оила аъзолари тиббий кўриклардан ўтказилди

2016 йилнинг 12-14 июл кунлари Тошкент ахборот технологиялари университети Махсус факультети ҳарбий ҳизматчиларининг жами 69 нафар оила аъзолари “Соғлом авлод учун” фонднинг Тиббий-ижтимоий Марказида шифокорлари (акушер-гинеколог, УТТ шифокори, лор шифокори, офтолмолог, терапевт, педиатр, эндокринолог, ЭКГ мутахасиси) томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилди. Тиббий кўриклардан ўтганларнинг 29 нафарини аёллар, 26 нафарини туғиш ёшидаги аёллар, 31 нафарини болалар ва 3 нафарини ўсмир қизлар ташкил этди. Шу билан бирга тиббий кўриклардан ўтганлар соғлом турмуш тарзи ва репродуктив саломатликни тўғри шакллантириш, “Эрта никоҳ қуришнинг салбий оқибатлари ҳақида биласизми?”, “Хотин-қизлар репродуктив саломатлиги-соғлом келажак асоси” “Замонавий контрацепция усулларидан тўғри фойдаланиш”, “Туғруқлар оралиғини сақлашнинг аҳамияти”, “Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари” мавзуларида тушунтириш ва тарғибот ишлари ўтказилади.

Ушбу тиббий кўриклар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ-2221-сонли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йилнинг 9 декабрдаги “Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Ф-4576-сонли фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда. Шунингдек, Фонднинг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари томонидан республика миқёсида замонавий диагностика ва даволаш ускуналаридан фойдаланган ҳолда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказиб, уларга соғлом турмуш тарзи ва уни тўғри шакллантириш мавзуларида тиббий маслаҳатлар беришмоқда.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, 2016 йил 6 ойи давомида фондининг Тиббий-ижтимоий маркази ва ҳудудлардаги 14 та кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари томонидан республика бўйича жами 157 та ҳарбий қисм, ҳарбий билим юртлари ва ҳарбий муассасалардаги 14478 нафар ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрикдан ўтганлар орасида 6673 нафари аёллар, 6471 нафари болалар, 431 нафари ўсмирлар, 899 нафари эркакларни ташкил этди. Шунингдек, тиббий кўриклар билан бир қаторда жами 279 та маърузалар ўқилди. Иштирокчилар сони 11503 нафарни ташкил этди.

Шунингдек, тиббий кўрик давомида ҳарбий ҳизматчиларининг оила аъзоларига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган буклетлар тарқатилмоқда.

Javob berish