Юртимиз ёшларини етук ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларни ватанпарварлик руҳида камол топишларини таъминлаш, иқтидори ва қобилиятларини тўла намоён этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш олдимизда турган муҳим вазифаларимиздан бирига айланган.

Спорт – саломатлик гарови. У руҳнинг тетиклигини, таннинг саломатлигини таъминлайди. Шу боисдан ҳам соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлод тарбиясида спортнинг ўрни беқиёсдир. Юртимизда болалар ва ўсмирлар спорти ривожига алоҳида аҳамият бериб келинмоқда. Турли-туман спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали ёшларни оммавий тарзда спортга жалб этишга эришилмоқда.

Ўзбекистонга стол тенниси 1957 йилда кириб келган бўлиб, ҳозирги кунда эса стол тенниси Федерациясининг 207 та бўлимлари мавжуддир. Мазкур спорт тури билан ўғил болалар 12956 ва қиз болалар 12504 жами Республикамиз ёшларидан 25460 мингдан ортиқ болалар шуғулланишади ва уларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ҳозирги кунга қадар стол тенниси спорт тури бўйича республикада 500 та чемпион етишиб чиқди. Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри спортчилари халқаро турнир ва мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб, юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқдалар.

“Sog`lom avlod uchun” кубоги учун стол тенниси бўйича XV – Республика ўсмирлар турнири ҳам ўсмирлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва спортга бўлган қизиқишни уйғотиш, халқаро майдонларда муносиб иштирок эта оладиган спорт усталарини тайёрлаш мақсадида 2018 йил 5-6 декабр кунлари Тошкент шаҳридаги “Қушбеги” спорт мажмуида ташкил этилди. Ушбу турнир “Sog`lom avlod uchun” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон стол тенниси Федерацияси ҳамкорлигида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Мазкур йиллар давомида турнир иштирокчилари сони ва савияси анча ортди.

Ушбу турнирда Республикамизнинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан 1-босқичда ғолибликни қўлга киритган жами 56 нафар 2006-2007 йилларда туғилган ўсмирлар қатнашдилар. Мусобақа иштирокчилари жуфтлик ва якка тартибдаги мусобақаларда ўзаро беллашдилар. Турнир жуфт разряд асосида қиз ва ўғил болалар орасида Олимпия, яъни ўйинни тарк этиш тизими бўйича ўтказилди.

Стол тенниси бўйича ўғил болалар ўртасида қорақалпоғистонлик Жузбанов Дамир фахрли 1-ўринни қўлга киритган бўлса, қиз болалар ўртасида Тошкент вилояти вакиласи Убайдуллаева Согдианага ҳеч ким тенг келолмади.

Шунингдек, жуфтлик ўйинларда 1-ўринни  хоразмлик вакиллар ҳаммани мағлубиятга учратишиб қўлга киритишди, қизлар ўртасида фарғоналиклар тенгсиз ўйин кўрсатишди.

Турнирда Миратхамов Мираъзам (Тошкент ш.) -"Энг яхши ўйинчи", Махмудова Робия (Тошкент ш)- "Энг зўр техник маҳорат кўрсатган иштирокчи", Йўлдашева Нигина (Навоий) – "Энг интизомли ўйинчи", Носиров Азамат (Тошкент ш) – "Энг фаол ўйинчи", Шириев Самат (Андижон)-"Энг ёш ўйинчи", Олимхўжаева Зайнаб (Тошкент ш) – "Энг тезкор ўйинчи"  номинациялари бўйича тақдирланишдилар  

Турнир ғолиблари ташкилотчилар томонидан тайёрланган дипломлар ва совғалар билан тақдирландилар. Албатта, мусобақада иштирок этган барча ўғил-қизлар умрларини спортга бағишламасликлари мумкин, лекин уларнинг келажакда ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб вояга етишишларига ишонамиз. Фонд томонидан турнирнинг барча қатнашчилари ва уларнинг мураббийлари иссиқ овқат ва жой билан таъминландилар.

“Sog`lom avlod uchun” халқаро хайрия фонди ушбу тадбирни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барча ташкилот ва ҳомийларга, оммавий ахборот воситалари орқали ёритишда кўмаклашган барча журналист ва муҳбирларга ўзининг самимий миннатдорчилигини билдиради.

Javob berish